Янги таҳрирдаги Конституция – инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати.

“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади”.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.

Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!

Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши «Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси

Х.Нарзуллаев