Маъмурий суд ишларини юритишда Конституция ва қонунларнинг устунлиги: суднинг фаол иштироки

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар негизида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ётади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясиясининг барча нормаларида буни кўриш мумкин. Хусусан, Конституциянинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган. Ушбу нормага асос сифатида 15-моддада белгиланган Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади, дея мустаҳкамланганлигини кўриш мумкин.
Судга мурожаат қилмоқчи бўлган ҳар бир шахс, аввало, ўзининг ариза талабларига Конституция нормаларини асос қилиб кўрсатиш ҳуқуқига эга. Боиси, 16-моддаси иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади. Бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги, 20-моддаси учинчи қисмида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши, 55-моддаси иккинчи қисмида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги фикримизнинг яққол исботидир.
Судлар фаолиятида унга мурожаат қилаётган шахслар олдидаги масъулиятнинг қай даражада эканлигини амалга оширилаётган ўзгаришлардан ҳам англаш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 11-моддасидаги маъмурий суд ишларини юритишдаги суднинг фаол иштироки принципини мисол қилсак. Маъмурий судлар тарафларнинг ўз важларини ўзлари исботлашларига қараб ўтирмасдан, исботлаш ҳаракатида бевосида иштирок этади.
Бунда суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади.
Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.
Ишда иштирок этувчи шахслар ишнинг ҳақиқий ҳолатларини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиши шарт.
Судга мурожаат қилган шахс адвокат хизматидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли ариза талабида ноаниқлик бор бўлган ҳолатда топширади, суд эса ишни мазмунан кўришни бошлайди ва ўзининг ташаббусига кўра, ариза талабига аниқлик киритади. Бунда қонунларнинг Конститусияга мувофиқлигини кўрамиз, асосийси эса шундаки, шахснинг сарсонгарчилиги олди олинади ва ислоҳотлардан кўзланган мақсадга эришилади.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судя катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова