Электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш

Бугунги ривожланиб бораётган даврда ҳар бир соҳада рақамли технологиянинг ўрни муҳимдир. Бозор иқтисодиётида олди-сотди жараёнларининг электрон тизимга ўтиши шаффофликни ҳамда ҳар қандай корупция ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради. Янги Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш, ҳар бир тармоқда босқичма босқич рақамли технолгияни жорий қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга келиб асосий эътибор электрон онлайн-аукцион савдо соҳасини ривожлантириш ҳамда шу соҳага доир қонунчиликни либераллаштириш устида катта ишлар олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2024 йилдан кучга кирадиган Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилиши муносабати билан вазирлар маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида қарорнинг  электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материал тайёрлаш босқичи ва тартиби тўғрисидаги қисми ҳақида  маълумот бериб ўтаман.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ер участкалари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ижрочига «E-ijara» АТ электрон ахборот алмашинув орқали давлат рўйхатидан ўтказилган куннинг ўзида юборади:
ер участкаси кадастр рақами, ер тури ва географик жойлашуви, майдони (гектарда);
ер участкасини электрон харитада кўрсатиш учун ер участкасининг кадастр харитаси (координатали нуқталари, чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема);
мавжуд давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобиль ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, гидротехник иншоотлар, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (изоҳ кўринишида). Бунда давлат кадастрини юритувчи вазирлик ва идоралар давлат кадастрлари ягона тизимида маълумотларнинг тўлиқлигига жавобгар ҳисобланади.
Ижрочи уч иш куни ичида «E-ijara» АТ орқали юклаб олинган ер участкасини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ер участкасининг ҳақиқий ҳолати (лойиҳалаштирилаётган ер участкасининг ҳолати, ҳудуднинг ихтисослиги, сув билан таъминланганлик даражаси ҳамда ирригация ва мелиорация тизимининг ҳолати, балл-бонитети, шўрланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар)дан келиб чиқиб, ер участкасининг ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини белгилаб бериш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч иш куни муддатда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини ижрочига маълум қилади.
Ҳар бир ер тузиш лойиҳасига «E-ijara» АТда автоматик тарзда ўзига хос рақам берилади. Бунда ҳар бир лот битта ер участкасидан иборат бўлади.
Битта яхлит контурдаги бир нечта лотлар учун умумлашган ягона ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бунда ижрочи томонидан ҳар бир лотнинг буюртмасига ер участкасини идентификация қилиш имконини берувчи маълумотлар киритилади.
Ижрочи ҳар бир ер тузиш лойиҳасини Кадастр агентлигидан олинган дастлабки форматларда келишиш учун ваколатли ташкилотларга қуйидаги маълумотлардан ташкил топган ер тузиш лойиҳасини тасдиқлаш учун 3 иш куни ичида ижарага берувчига «E-ijara» АТ орқали юборади:
а) ер участкасининг майдони (гектарда) ва тоифаси ҳамда ер турлари контурлар кесимида жадвал шаклидаги маълумот;
б) инфратузилма объектлари мавжудлиги тўғрисида маълумот;
в) ер участкасининг қишлоқ хўжалиги электрон харитасидан кўчирмаси, ер тузиш лойиҳасининг чегаралари ва манзили;
г) чегарадош ер участкалари фойдаланувчилари ҳақида маълумотлар.
д) ер майдонидаги тупроқнинг амалдаги балл бонитировкаси аниқланган сана ва кўрсаткичи.
Электрон онлайн-аукцион савдога қўйилаётган ер участкасида давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобиль йўллари ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, мелиорация ва ирригация иншоотлари, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжуд бўлган ҳолатларда қўшимча равишда давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари билан ҳам келишилади.
 «E-ijara» АТга ер тузиш лойиҳаси жойлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида:
а) ваколатли ташкилотлар томонидан ушбу лойиҳалар келишилади ёки келишиш рад этилади, бунда:
«E-ijara» АТда қабул қилинган тегишли қарор ҳақида электрон рақамли имзо билан тасдиқланадиган белги қўйилади;
келишув ҳеч қандай эътироз ва шартларсиз амалга оширилади;
келишиш рад этилганда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда, тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда мазкур лойиҳа айнан қайси жиҳатдан ушбу нормаларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилади;
қонунчилик ҳужжатлари нормаларига зид бўлган сабаблар кўрсатилмаган ҳолда рад этиш ёки келишмасликка йўл қўйилмайди;
белгиланган муддатда ер тузиш лойиҳаси келишилмаслиги натижасида келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига жавобгарлик чоралари қўлланилади;
Кадастр агентлигига келишиш учун маълумотлар электрон ахборот алмашинуви орқали юборилади;
б) ижарага берувчи тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди ҳамда «E-ijara» АТ орқали ижрочига юборади, бунда:
ижарага берувчи электрон онлайн-аукцион савдога ижарага бериш ҳуқуқи қўйилаётган ер участкаси ер тузиш лойиҳасини унга тузатишлар киритиш учун ижрочига қайтариши мумкин, бошқа сабаблар билан ер тузиш лойиҳасини қайтаришга йўл қўйилмайди;
белгиланган муддатда жавоб берилмаган ҳолларда ер тузиш лойиҳаси тасдиқланган ҳисобланади.
Ижрочи уч иш куни ичида камчиликларни бартараф этиб, лойиҳани тасдиқлаш учун ижарага берувчига қайта киритади. Бунда ваколатли ташкилотлар билан қайтадан келишиш талаб этилмайди. Ижарага берувчи икки иш куни ичида тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди.
Бунда ер тузиш лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш ҳуқуқи учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги электрон буюртма «E-ijara» АТ орқали автоматик тарзда операторга юборилади. Буюртмага ер тузиш лойиҳаси ҳамда электрон онлайн-аукцион савдо ғолиби билан имзоланадиган ижара шартномаси бир томонлама ижарага берувчи томонидан имзоланган ҳолда илова қилинади.
Ижара шартномасида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олиш бўйича тўловлар ва ер участкасининг ижара ҳақини тўлаш тартиби алоҳида акс эттирилади.
Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари лотларга бўлинган контурнинг яхлитлигини таъминлаган ҳолда, бир хил турдаги маҳсулот экиш бўйича ер тузиш лойиҳаси билан бирга юбориладиган буюртмаларга асосан электрон онлайн-аукцион савдоларга чиқарилади.
Буюртмага ер тузиш лойиҳаси илова қилинмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, оператор томонидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун буюртмани «E-ijara» АТ орқали ижрочига қайтаради.
Ижрочи буюртмани қайтаришга асос бўлган камчиликларни бир иш куни ичида тўлиқ бартараф этиб, такроран буюртмани «E-ijara» АТ орқали операторга юборади.
            Электрон онлайн-аукцион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш босқичи мана шундай тартибда амалга оширилади. Бундан ташқари бу соҳани содалаштириш ҳамда ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Сиз ва биз озод юрт фарзандлари давлатимиз ривожи учун ҳар бир соҳани юқори нуқталарга олиб чиқиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
Судья катта ёрдамчиси  З.Х.Темиров