Судьялар мустақилдирлар, уларнинг фаолиятига ҳар қандай аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгартириш ва қўшимчалар судларнинг мустақиллигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ва тиклашга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Эндиликда, Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланади.
Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланади.
Судлар тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, фақат ва фақат қонунга риоя қилган ҳолда иш юритишига хизмат қилади.Хусусан, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди.
Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир.
Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак.
Мазкур ўзгартиришлар билан келгусида судьяларнинг фаолиятига ҳар қандай аралишиш бўлганида, жиддий жавобгарлик белгилаши қонун билан мустаҳкамланди.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси
А.Мухиддинов