ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Жумладан, аризачи МЧЖ ХК судга жавобгар солиқ органининг
2024 йил 9 августдаги солиққа оид қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Солиқ органининг 2024 йил 9 августдаги солиққа оид қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарорига асосан МЧЖ ХКга нисбатан 1 941 000.0 минг сўм қўшимча солиқ ҳисобланган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, солиқ органининг 2024 йил 1 июлдаги
ва 9 июлдаги буйруқларига асосан МЧЖ ХКнинг 2023 йил 1 январдан
2023 йил 31 декабрга қадар фаолиятида солиқ аудитини ўтказиш белгиланган.

Ушбу солиқ текшируви ва текширув натижаси ҳақида корхона тегишли тартибда хабардор қилинган.

Юқоридаги буйруқларга асосан 2024 йил 12 июль куни корхона фаолиятида солиқ аудити ўтказилиб, текширув натижаси бўйича далолатнома расмийлаштирилган.

Далолатномадан кўринишича солиқ аудит текширув натижасида корхонанинг 2023 йил якуни билан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи ҳисоботига нисбатан солиқ, шунингдек ушбу қўшимча ҳисобланган солиқ суммасига мутаносиб равишда Солиқ кодексининг 224-моддасига асосан молиявий жарима ҳисобланиши белгиланган.

Бироқ, далолатномада бошқа солиқ турлари бўйича тафовутлар аниқланганлиги, қўшимча ҳисобланганлиги қайд этилмаган.

Баённомада жамият бошлиғи томонидан 2024 йил 25 июль кунидаги хат билан далолатномада кўрсатилган ҳолатлар бўйича эътироз билдирилганлиги қайд этилган.

Ушбу ҳолатда солиқ текширув натижасида битим қалбакилиги (кўзбўямачилик учун тузилганлиги) ҳолати бўйича жамиятга нисбатан қўшимча ҳисобланган солиқ юзасидан жамият норозилик билдирган ва бу юзасидан ўзининг ёзма эътирозини солиқ органига тақдим этган.

Бундай ҳолатда қонунчилик талабига кўра, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши лозим.

Ушбу асосга кўра, солиқ органи 2024 йил 9 августда солиққа оид қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарорга асосан МЧЖ ХКга нисбатан қўшимча солиқ ҳисобланганлиги ноқонуний бўлган ва бу аризачининг ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини бузганлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 3 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилган, солиқ органининг 2024 йил
9 августдаги солиққа оид қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, солиқ органи зиммасига ушбу иш бўйича солиқ текширув материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.

Яна бир мисол.

Аризачи фуқаро А.С жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимининг 2024 йил 30 сентябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиб, мажбурият юклашни сўраган.

Аниқланишича, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимининг 2024 йил 30 сентябрдаги қарори билан фуқаро А.С.нинг
2006-2020 йилларда фермер хўжалигида ишлаган даврлари инобатга олинмасдан ногиронлик пенсияси тайинланган.

Иш ҳужжатларига кўра, аризачи номига очилган меҳнат дафтарчасида унинг 2006 йил 4 январдан ҳозирги кунга қадар фермер хўжалигида ишлаб келаётганлиги қайд этилган ва ушбу маълумотлар юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган бўлиб, меҳнат дафтарчасидаги ёзувларнинг сохталиги тергов ёки суднинг қарори билан аниқланмаган ёки исботланмаган.

Бироқ, иш ҳужжатларига кўра аризачига пенсия тайинлашда унинг меҳнат дафтарчасида қайд этилган 2006-2020 йилларда фермер хўжалигида ишлаган даврлари инобатга олинмасдан пенсия тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 37-моддасига кўра, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши кўрсатилган.

Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимининг 2024 йил 30 сентябрдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими зиммасига аризачи А.С.га пенсия тайинлашда қонунда белгиланган тартибда мавжуд меҳнат дафтарчаси асосида унинг 2006-2020 йилларда фермер хўжалигида ишлаган даврларини умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси 

  Х.Хакимов