Одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш

Коррупция мавжуд бўлмаган жамият камдан-кам учрайди ва коррупция давлатни таназзулга етаклайди, бежизга “коррупция – тараққиёт кушандаси” ибораси мафкурамизга сингдирилмагин. Коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш инсон-жамият-давлатнинг шиори десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, одил судловни амалга оширишда коррупцияга қарши курашиш халқнинг давлатга нисбатан, қонунларга нисбатан ишончини оширишга хизмат қилади. Шу нуқтайи назардан, мамлакатимиз қонунчилик тизимида коррупцияга қарши курашиш, коррупсиянинг олдини олишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга дуч келамиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2017-йил 3-январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 31-декабрдаг 829-сонли қарори билан тасдиқланган “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низом, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил
5-июндаги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ-931-сонли Қонунларини мисол келтириш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 2017-йил 3-январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонунига кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш; манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият эканлиги белгилаб берилган бўлиб, коррупциянинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларнинг янги чўққиларга қадам қўйганлигини Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 5-июндаги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ-931-сонли Қонуни қабул қилинганлигида кўриш мумкин.

Ушбу Қонун манфаатлар тўқнашуви юзага келадиган ҳолатларни ҳам бартараф этишни назарда тутиб, коррупцияга йўл қолдирмасликни мақсад қилган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг амал қилиш доираси белгиланган бўлиб, давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Қонунда манфаатлар тўқнашувига оид асосоий тушунчалар қуйидагилардан иборат:

давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими — давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими;

манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;

манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма (бундан буён матнда махсус бўлинма деб юритилади) — давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари (ва) ёки кадрлар бўлинмалари;

шахсий манфаатдорлик — давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик;

яқин қариндошлар — ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.

Демак, манфаатлар тўқнушуви қонун даражасида мустаҳкамланганлиги коррупция деган иллатнинг илдизига болта уриш билан баробардир.

Коррупцияга қарши курашишда асосий принциплар сифатида қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги кабиларни кўриш мумкин.

Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилиш коррупцияга қарши курашишга ёрда беради.

Қонунда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш нафақат мансабдор шахсларга, балки фуқароларга ҳам катта масъулият юклайди, мансабдор шахслар ўз вазифаларини бажаришда ҳамда фуқаролар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда фақат қонун нормалари ва адолат тамойилларига тайанишлари лозим.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова