МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА САЙЁР СУД МАЖЛИСЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА КЎМАКЛАШИШДАГИ АҲАМИЯТИ.
Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан қонун устуворлигини, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш орқали аҳолига етказиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 11 ойида Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган 226 та ишларнинг 2 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.
Термиз туманлараро маъмурий судида ушбу даврда кўрилган 847 та маъмурий ишларнинг 44 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, шундан 3 та ишлар бўйича аризалар қаноатлантирилган.
Сайёр судда кўрилиб, қаноатлантирилган аризаларни қуйидаги ишларда кўриш мумкин.
Аризачи Н.Х.нинг жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига нисбатан бўлимнинг хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ва жавобгар зиммасига мажбурият юклаш ҳақидаги аризаси бўйича маъмурий иш Термиз шаҳрининг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини биносида очиқ, сайёр суд мажлисида кўрилиб, Термиз туманлараро маъмурий судининг 2025 йил
30 апрелдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг 2025 йил 27 февралдаги хабарномаси билан рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракати ғайриқонуний деб топилган. Жавобгар “Жанубгазтаъминот унитар қурилиш ва таъмирлаш корхонаси” Шеробод туман газ филиали ГТШ чилангари вазифасига 2005 йил 01 январдан
– 2017 йил 18 сентябрга қадар, “Сурхондарё вилояти ҳудудий газ таъминоти” филиали Шеробод туманлараро газ таъминоти участкаси эксплутация чилангари вазифасига 2017 йил 19 сентябрдан – 2019 йил 31 октябрга қадар, “Ҳудудгаз Сурхондарё” МЧЖда авария тиклаш ишлари чилангари 2019 йил 04 ноябрдан
– 2020 йил 03 август кунига қадар ишлаган даврларини умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, аризачи “M.T” МЧЖнинг жавобгар Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси мансабдор шахсларининг рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топиш ва жавобгар зиммасига мажбурият юклаш ҳақидаги аризаси бўйича маъмурий иш очиқ сайёр суд мажлисида кўрилиб, Термиз туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 15 октябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Давлат кадастрлар палатаси Термиз шаҳар филиалининг 2025 йил 27 августдаги хабарномаси билан рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилган. Давлат Кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар филиали зиммасига “M.T” МЧЖга Термиз туман ҳокимининг 2016 йил 6 октябрдаги қарори билан ажратилган ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказишни қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Зеро, маъмурий судларда ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга, маҳаллаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят
маъмурий судининг судьяси
Х.Хакимов






