Маъмурий судларга мурожаат қилишда эътиборга олиниши лозим бўлган жиҳатлар.

Бугунги кунда одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтариш мақсадида соҳавий судлар ташкил қилинган бўлиб, ушбу судлар ўз фаолиятлари давомида қонун ҳужжатлари билан ўз фаолиятига доир ишларни кўришни амалга ошириб келмоқда.

Маъмурий судлар ҳам Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларни юритиш тўғрисидаги кодекс талабларига мувофик, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бироқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустаснодир. Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий судлар томонидан кўриладиган ишлар доирасига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги; давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги; инвестиция низолари бўйича; рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.
Мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб, маъмурий судларга арзачилар томонидан аризалар киритилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда, аризачилар тарафидан маъмурий судларга мурожаат қилишнинг айрим талабларига риоя қилмаслик оқибатида судлар томонидан мазкур аризаларни асосли равишда қайтарилишига асос бўлиб келмоқда.
Ҳусусан аризачилар томонидан нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги тоифасига кирувчи ишлар бўйича аризачилар мазкур идораларга маъмурий судлар томонидан бевосита мажбурият юклаш тўғрисидаги ариза талаби билан мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, маъмурий судларнинг ушбу идораларга бевосита мажбурият юклаш ваколати мавжуд эмас.
Масалан фуқаро Ж.Валиев Термиз туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, жавобгар Кадастрлар палатаси Бойсун туман филиали зиммасига ўзининг номига тумандаги “Наврўз” маҳалласи ҳудудидан “Ким ошди” савдоси қўйилган 3-ер участкасини жойида ўлчаб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Термиз туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 8 ноябрь кунидаги ажрими билан мажбурият юклаш Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига кўра ариза предмети бўлмай, у маъмурий органнинг қарори ҳақиқий эмас ёки ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилганда, суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқни тиклаш усули бўлиб ҳисобланишини асос қилиб ариза қабул қилишдан рад этилган.
Шундан сўнг Ж.Валиев Термиз туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида мансабдор шахс давлат Кадастрлар палатаси Бойсун туман филиали ҳамда Бойсун туман қурилиш бўлимининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, филиал ва қурилиш бўлими зиммасига туман марказининг бош режасига асосан тумандаги “Наврўз” маҳалласи ҳудудидан “Ким ошди” савдоси орқали сотиб олган ер участкасини фуқаро П.Қаюмовнинг номига жойида ўлчаб бериш мажбуриятини юклашни сўраган ва мазкур иш суд томонидан мазмунан кўриб чиқлган.

Исмлар ва жой номлари ўзгартирилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий

суди судъя катта ёрдамчиси:                                                                   А.Шапиев