Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекси мазмун-моҳияти ҳақида

Давлатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг турли кафолатлари мавжуд. Ҳуқуқий кафолатларнинг энг муҳими бу – шахснинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқини таъминлашдир.

Маъмурий судлар ташкил этилгунига қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш фуқаролик ишлари бўйича ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди.

Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилган маъмурий судлар томонидан амалга оширила бошланди. 2017 йил 1 июндан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.

Маъмурий судлар томонидан кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар – бу бир томондан фуқаролар ва юридик шахслар бўлса, бошқа томондан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар бўлиб, бунда ҳар бир шахс конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг
хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади.

Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, давлат органининг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризалар ҳам маъмурий судлар томонидан кўрила бошланди.

Маъмурий судлар суд ҳокимиятининг бир тармоғи сифатида қонун билан фақат ўзига юклатилган низоларга доир ишларни кўриб ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасига кўра маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг қуйидаги:

  • фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига сабабчи бўлган;
  • фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришга монелик туғдирган;
  • фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабабчи бўлган коллегиал ёки якка тартибдаги
    хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳам якка тартибдаги, ҳам умумий хусусиятга эга бўлган ҳар қандай қарорлар устидан юқорида кўрсатилган Кодексда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4 бўлим 29 боб ва 288 моддадан иборат.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасидаги мурожаатлари йил сайин кўпайиб бормоқда. Бу аввало, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар самараси ўлароқ, фуқароларнинг одил судловга ишончи муттасил ортиб бораётганлигининг амалдаги ифодасидир.

Термиз туманлараро маъмурий суди

судья ёрдамчиси  

            С.К.Маматалиев