Коррупсия: жамият тараққиётига таҳдид ва унга қарши курашнинг илмий асослари

Мазкур мақолада коррупсия тушунчасининг илмий-назарий моҳияти, унинг келиб чиқиш сабаблари, ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳамда коррупсияга қарши курашнинг замонавий ҳуқуқий ва институтсионал механизмлари таҳлил этилади. Шунингдек, таълим тизимида коррупсияга қарши маданиятни шакллантиришнинг аҳамияти ёритиб берилади.

Кириш.

Коррупсия бугунги кунда жамиятнинг барқарор ривожланишига жиддий хавф солувчи глобал муаммо сифатида намоён бўлмоқда. У давлат бошқаруви самарадорлигини пасайтиради, қонун устуворлиги тамойилларини заифлаштиради ҳамда фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончини сусайтиради. Шу сабабли коррупсияга қарши кураш масаласи замонавий илмий тадқиқотларнинг долзарб йўналишларидан бири ҳисобланади.

Илмий нуқтайи назардан қараганда, коррупсия фақат алоҳида ҳуқуқбузарликлар мажмуи эмас, балки мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса бўлиб, унинг илдизлари иқтисодий, сиёсий ва маънавий омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.

Коррупсия тушунчасининг илмий талқини.

“Коррупсия” атамаси лотинча “cорруптион” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузилиш” ва “ахлоқий таназзул” маъноларини англатади. Ҳуқуқшунослик фанида коррупсия мансабдор шахсларнинг ўз хизмат ваколатларидан шахсий ёки гуруҳ манфаатларини кўзлаб ноқонуний фойдаланиши сифатида талқин этилади.

Илмий адабиётларда коррупсия қуйидаги шаклларда намоён бўлиши қайд этилади:

1) Пора олиш ва пора бериш;

2) Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш;

3) Манфаатлар тўқнашуви;

4) Давлат мулки ва ресурсларини ноқонуний ўзлаштириш.

Мазкур ҳолатлар коррупсиянинг тизимли тус олишига ва давлат бошқаруви институтларининг издан чиқишига сабаб бўлади.

Коррупсиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари

Коррупсия иқтисодий ривожланишга бевосита салбий таъсир кўрсатади. У соғлом рақобат муҳитини бузиб, инвестиция жозибадорлигини пасайтиради ва иқтисодий ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига олиб келади.

Ижтимоий соҳада эса коррупсия адолат тамойилларининг бузилишига, аҳолининг давлатга бўлган ишончи камайишига сабаб бўлади. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида коррупсиянинг мавжудлиги инсон капиталининг сифатига жиддий зарар етказади.

Коррупсиянинг келиб чиқиш сабаблари.

Илмий тадқиқотларга кўра, коррупсиянинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:

1) Давлат бошқарувида шаффофлик ва ҳисобдорликнинг етишмаслиги;

2) Ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги;

3) Иқтисодий тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизлик;

4) Кадрлар танлашда меритократия тамойилларининг бузилиши.

Мазкур омиллар бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, коррупсиянинг илдиз отишига замин яратади.

Коррупсияга қарши курашнинг замонавий механизмлари.

Коррупсияга қарши самарали кураш ҳуқуқий, институтсионал ва маънавий механизмларни уйғунлаштиришни талаб этади. Қонунчиликни такомиллаштириш, жазоларнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, электрон ҳукумат тизимларини жорий этиш инсон омилини камайтириб, коррупсион хавфларни сезиларли даражада қисқартиради. Жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки эса очиқликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди.

Таълим тизимида коррупсияга қарши маданият.

Таълим тизими коррупсияга қарши курашнинг узоқ муддатли ва энг самарали воситаларидан биридир. Олий таълим муассасаларида академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш, шаффоф баҳолаш тизимини жорий этиш ва коррупсияга қарши билимларни ўқув дастурларига киритиш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳалоллик ва масъулият руҳида тарбияланган ёшлар жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиради.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, коррупсия жамият тараққиётига жиддий хавф солувчи мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий ҳодисадир. Унга қарши кураш фақат жазолаш чораларига эмас, балки профилактик, институтсионал ва маънавий ёндашувларга асосланиши лозим. Айниқса, олий таълим тизимида коррупсияга қарши маданиятни шакллантириш барқарор ва адолатли жамият барпо этишнинг муҳим омилидир.

Термиз туманлараро

маъмурий суди судъя ёрдамчиси  
 С.М.Сафаров

Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштирилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини тубдан ошириш, очиқ ва шаффоф тартиб-таомиллар асосида суд органларини малакали кадрлар билан тўлдириш, аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини самарали таъминлаш, суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш мақсад қилинган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-227-сонли Фармони билан судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартибини бекор қилиб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартибини белгилаш;

– туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартибини ўрнатиш;

– судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш.

Шунингдек, Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилиши. Бунда Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин;

– Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари таркибига номзодлар ҳуқуқ соҳасидаги илмий ва олий таълим ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан тавсия этилиши.

Бундан ташқари, Олий суддан — икки нафар судья;

– вилоят даражасидаги судлардан — етти нафар судья;

– туманлараро, туман, шаҳар судларидан — тўрт нафар судья.

– судьялар малака ҳайъатлари — ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига номзодлар бўйича;

– Судьялар олий малака ҳайъати — Олий суд судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раислари ва раис ўринбосарлари лавозимларига номзодлар бўйича.

Кенгаш ва Олий суднинг судьялар ҳамжамияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини ўтказиш тартибини бекор қилинди.

Кенгаш раисига, қуйидаги ваоклтлар берилди.

– судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси нормалари бузилган ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатларда судьялар малака ҳайъатлари томонидан интизомий иш асоссиз тугатилган ёки тайинланган интизомий жазо судья содир этган қилмишга мос эмас деб топилган тақдирда, малака ҳайъатларининг тегишли қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш;

– Кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш.

Мазкур ўзгаришлар судьялар ҳамжамиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш учун муҳим қадам ҳисобланади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси А.Мухиддинов

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ТИЗИМЛИ ИСЛОҲОТЛАР ВА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВЛАР

Таъкидлаш лозимки, коррупция замонавий жамиятлар учун энг долзарб ижтимоий-сиёсий муаммолардан биридир. Коррупция давлат бошқаруви самарадорлигини издан чиқаради, иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлади, энг муҳими, жамиятнинг давлатга бўлган ишончини пасайтиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил
21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь–Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу глобал жараённинг фаол иштирокчиси бўлиб, мустақилликнинг сўнгги йилларидан бошлаб коррупцияга қарши сиёсатни давлат бошқарувининг устувор йўналишига айлантирди. Мамлакатимизда ушбу иллатни бартараф этиш, унинг илдизини чуқурдан кесиш ва профилактика механизмларини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар долзарб мавзу ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш алоҳида сиёсий йўналиш сифатида шакллантирилиб, комплекс ёндашув асосида кенг кўламли чора-тадбирлар жорий этилди. Аввало, коррупцияга қарши курашнинг институционал асослари мустаҳкамланди. Мамлакатда махсус ваколатли тузилма (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги) ташкил этилиб, улар коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, уларни бартараф этиш бўйича давлат идораларига методик ва ташкилий кўмак бериш, шунингдек, мониторинг ва таҳлил олиб бориш билан шуғулланмоқда. Бундай институтлар мавжудлиги коррупцияга қарши сиёсатни бир марталик акциялар эмас, балки давлат бошқарувининг узвий қисмига айлантиришга имкон берди.

Шу билан бирга, ҳуқуқий база модернизация қилинди. Давлат хизматини ташкил этиш, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари, давлат мулкидан фойдаланиш, қурилиш ва ер ажратиш каби коррупция хавфи юқори бўлган йўналишлар бўйича янги тартиблар жорий этилди. Энг муҳими, бу тартибларнинг асосий мақсади – жазолаш эмас, балки олдини олиш, яъни коррупцион ҳолатга олиб келувчи омилларни бошидан бартараф этишдир.

Коррупциянинг асосий илдизи – ёпиқ бошқарувдир. Шу сабабли Ўзбекистонда кенг миқёсда рақамли бошқарув тизимлари жорий этилмоқда. Давлат хизматларининг электронлаштирилиши, онлайн лицензиялаш, масофадан туриб мурожаат қилиш имкониятлари, электрон давлат харидлари тизимининг кенгайиши – буларнинг барчаси инсон омилини камайтириш орқали коррупциявий хавфни сезиларли равишда пасайтиради. Рақамли тизимлар очиқлик, изчиллик ва ҳисоботлиликни таъминлаб, ҳар бир ҳаракатнинг изини қолдиради, бу эса нафақат назоратни осонлаштиради, балки фуқаролар учун ҳам қулайлик яратади.

Яна бир муҳим йўналиш–давлат органларида ҳалоллик маданиятини шакллантириш. Бугунги кунда кўплаб идораларда ҳалоллик, ички касбий этика, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилмоқда. Ходимлар учун мунтазам тренинглар, ўқув дастурлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу жараёнларнинг барчаси коррупцияни фақат ташқи назорат орқали эмас, балки ички маданият орқали ҳам камайтириш мумкинлигини англатади.

Жамоатчилик назорати ҳам коррупцияга қарши сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти, фуқаролик жамияти ташкилотлари иштироки, очиқ маълумотлар порталлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тизимларининг яхшиланиши – булар давлат бошқарувида ошкораликни ошириб, жамиятдаги норозилик ёки муаммоларни тезда аниқлашига имкон бермоқда. Давлат сиёсати энди “ёпиқ эшиклар ортида” эмас, балки жамоатчилик билан ҳамкорликда шаклланмоқда.

Бундан ташқари, шуни ҳам алоҳида қайд этишимиз лозимки, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашда жазога муқобил механизмлар – профилактика, таҳлил ва таълим устуворлик касб этди. Коррупциянинг илдиз сабабларини аниқлаш, коррупцион ҳолатларга йўл очувчи жараёнларни қайта кўриб чиқиш, ходимларга ўқув дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, болалар ва ёшлар ўртасида ҳалоллик тамойилларини тарғиб қилиш – бу узоқ муддатли, лекин барқарор натижа берувчи стратегик ёндашувдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бир неча йўналишда – институционал ислоҳотлар, ҳуқуқий механизмларни янгилаш, рақамлаштириш, давлат хизматларининг шаффофлигини ошириш ва ҳалоллик маданиятини ривожлантириш орқали изчил амалга оширилмоқда. Бу йўналишларнинг уйғунлиги коррупция билан курашни фақат жазолаш тизими эмас, балки кенг қамровли ижтимоий давлат стратегиясига айлантирмоқда.

9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда коррупция энди “ёпиқ мавзу” эмас, балки давлат, жамият ва фуқароларнинг ҳамкорлиги орқали унга қарши кураш барқарор ва тизимли жараёнга айланган.

Ж.Хуррамов

Сурхондарё вилоят маъмурий суд  судья катта ёрдамчиси

Коррупсияга Қарши Курашишнинг Самарали Усуллари

Коррупсия – бу жамиятнинг барча даражаларига зарар етказадиган глобал муаммо. У иқтисодий о’сишни секинлаштиради, демократик институтларни заифлаштиради, ижтимоий адолатсизликни кучайтиради ва фуқароларнинг давлатга бо’лган ишончини сусайтиради. Коррупсияга қарши курашиш учун ҳар томонлама ёндашув ва доимий са’й-ҳаракатлар талаб этилади. Коррупсия — жамият тараққиёти, иқтисодий барқарорлик ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончига жиддий путур етказувчи энг хавфли иллатлардан биридир. У қонун устуворлигига зид бўлиб, адолат, тенглик ва ошкоралик тамойилларини издан чиқаради. Шу боис коррупсияга қарши кураш ҳар бир давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Коррупсияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш

Коррупсияга қарши самарали курашнинг энг муҳим шарти — кучли ҳуқуқий база мавжудлигидир. Қонунларда коррупсияга оид ҳуқуқбузарликлар аниқ белгиланиши, жазолар эса муқаррар бўлиши лозим. Мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, уларнинг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш коррупсиянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Давлат бошқарувида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш

Шаффофлик коррупсияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан биридир. Давлат органлари фаолиятининг очиқ бўлиши, қарорлар қабул қилиш жараёнларининг жамоатчилик учун тушунарли ва кузатувга очиқ бўлиши коррупсион ҳолатларни кескин камайтиради. Электрон ҳукумат, онлайн давлат хизматлари ва рақамлаштириш инсон омилини камайтириб, порахўрлик хавфини пасайтиради.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш

Коррупсияга қарши кураш фақат давлат органларининг вазифаси бўлиб қолмаслиги керак. Фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар бу жараёнда фаол иштирок этиши зарур. Очиқ муҳокамалар, журналистик суриштирувлар ва жамоатчилик мониторинги коррупсион ҳолатларни фош этишда муҳим рол ўйнайди.

Таълим ва тарбия орқали коррупсияга қарши иммунитетни шакллантириш

Коррупсияга қарши кураш узоқ муддатли жараён бўлиб, у аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришдан бошланади. Ёш авлодда ҳалоллик, адолат ва масъулият туйғуларини шакллантириш, таълим муассасаларида коррупсияга қарши маданиятни тарғиб қилиш келажакда бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни юзага келтиради.

Мансабдор шахслар учун ахлоқий меъёрларни жорий этиш

Давлат хизматчилари учун аниқ ахлоқ кодексларини ишлаб чиқиш ва уларга қатъий риоя этилишини таъминлаш муҳимдир. Ҳалоллик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланмаслик асосий талаб бўлиши лозим.

Хулоса

Коррупсияга қарши курашиш – бу мураккаб ва узок муддатли жараён бо’либ, у сиёсий ирода, институтсионал ислоҳотлар, технологик ёндашувлар ва жамоатчилик иштирокини талаб қилади. Ҳар бир мамлакат о’зига хос шароитига мос усулларни танлаши керак, аммо муваффақиятнинг калити изчиллик, шаффофлик ва ҳар даражадаги қат’иятдир. Фақатгина ҳар томонлама ёндашув орқали коррупсияни қисқа муддатда камайтириш ва узоқ муддатда унга барҳам бериш мумкин. Коррупсияга қарши кураш комплекс ва тизимли ёндашувни талаб этади. Кучли қонунчилик, шаффоф давлат бошқаруви, жамоатчилик назорати ва юксак ҳуқуқий маданият уйғунлашган тақдирдагина бу иллатга самарали барҳам бериш мумкин. Ҳар бир фуқаронинг коррупсияга нисбатан муросасиз позитсияси эса соғлом ва адолатли жамият барпо этишнинг муҳим омилидир.

«Коррупсияга қарши кураш – бу нафақат қонунлар билан, балки жамиятнинг ақл-заковати ва ахлоқий қадриятлари билан амалга ошириладиган курашдир.»

Термиз туманлараро маъмурий суди судъяси  
 С.З.Каримов        

ТАЪЛИМ ФАЛСАФАСИ

Институтда ўқиб юрган кезларимда “Тадбиркорлик асослари”, “Иқтисодиёт назарияси” каби фанлар ўқитилган эди.

Мақтаниш эмасу аммо институтда яхши ўқиганман, лекин мана шу иккала дарсдан фақат иқтисодиёт назариясини илк марта ишлаб чиққан одам Адам Смит эканлиги эсимда қолган, холос.

Домламиз ўртамиёна кийинган, кекса бир киши эди, дарсни амал-тақал қилиб ўтар эди, аслида қандай тадбиркор бўлиш, пул топиш тўғрисида маъруза ўтса-да, унинг ўзи кунини зўрға кўраётганлиги, у ойликдан бу ойликка бир амаллаб етволиб яшаётганлиги билиниб турар эди.

Табиий-ки, дарснинг эффекти ҳам шунга яраша эди, очиғи, ҳеч ким унинг маърузасини эшитмас, ёшининг ҳурматидан талабалар худди дарсни эшитаётгангандек жим ўтиришар эди.

Шуни айтмоқчиман-ки, ҳар қандай дарс реал ҳаёт билан боғланмас экан, унинг самараси нолга тенг.

Тадбиркорликдан дарс бераётган домланинг ўзи биринчи навбатда тадбиркор бўлиши керак.

Бизнинг катта хатоларимиздан бири фарзандларимизни пул топишни ўргатишга ҳеч қандай эътибор бермаймиз, мактабларда фақат шоиру алломалар ёки санъаткорлар билан эмас, балки ўша мактаб жойлашган ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилмаймиз, уларнинг суҳбатини олмаймиз, уларнинг тажрибасини ўқувчиларга ўргатмаймиз, айримларимиз ҳалиям собиқ Иттифоқдан қолган “бойлик ёмон”, деган нотўғри ақида билан яшаяпти.

Биласизми, ҳар битта маҳаллада ўзининг “бойи” ёки “бойлари” бўлади, ҳар кун ўша бойнинг қимматбаҳо машинасида у ёқдан бу ёққа ўтганини кўрасиз, ҳатто фарзандингиз кўчада кетаётиб “дада, анави чиройли машина кимники?” ёки “дада Сиз ҳам шунақа машина оласизми?”, сингари асабни бузадиган саволлар ҳам берган бўлса керак, албатта.

Ана ўша бой – аслида тадбиркор, пулни пулга уриштириб юради, тиним билмай ишлайди, энди тасаввур қилинг: шу тадбиркор мактабнинг ҳовлисига энг қиммат машинасида тантана билан кириб келсин, болалар кўриб “фалончи бой мактабимизга келди”, деб оғзи ланг очилиб қолсин, ўша “фалончи бой” ўқувчиларга ҳаётий “мастер-класс” дарсларини ўтсин.

Қандай қилиб тадбиркорликни бошлагани, омади келмагани, қандай қилиб банкрот бўлгани, қандай қийинчиликларни бошидан ўтказгани, ишлари юришиб кетиб дастлабки пулларини қандай топгани ҳақидаги хотиралари билан, ҳозирги фаолияти билан ўртоқлашсин.

Ишончим комилки, бундай амалий дарслар ўзининг самарасини албатта беради.

Сурхондарё вилоят маъмурий
суди бош консультанти Ж.Бобоев

Конституциявий одил судловга эришиш кафолатлари кучайтирилади ва рақамли технологиялар жорий этилади

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–253-сон, 18.12.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил

судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;

шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш.

Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаат Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборилади.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъект томонидан шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаганда муаллифга ушбу масалани киритишга асос мавжуд эмаслиги тушунтирилиб хабар берилади ва Конституциявий судга ахборот тақдим этилади.

Конституциявий шикоят институти бўйича:

муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга;

муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгиланади.

Фармонга кўра, (https://t.me/huquqiyaxborot/19088) 2026–2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилди:

суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва ЯИДХП (my.gov.uz)нинг мобил иловаси орқали электрон тарзда хабардор қилиш;

суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш;

суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш.

2027 йил 1 августдан Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади:

▪️ Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш

ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;

▪️ фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;

▪️ суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш;

▪️ ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.

Сурхондарё вилоят маъмурий
суди бош консультанти Ж.Бобоев

Судга тааллуқли ишлар.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддасида судга тааллуқли ишлар бўйича фикр билдирилган бўлиб, унга кўра маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Қонун билан маъмурий судга тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий суд ўзига тааллуқли ишларни фуқаролар, юридик шахслар ва маъмурий органлар, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига асосан суд томонидан қуйидаги ишлар ҳал этилади.

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

7) ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

8) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

Аризачи ушбу моддада кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли.

Ушбу моддада кўрсатилган талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим.

           Сурхондарё вилоят маъмурий

           суди судья катта ёрдамчиси
С.Халматов

МАЪМУРИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАРГА ОИД МАЪЛУМОТЛАР.

“Суд ҳокимияти ва судьяларга нисбатан аҳолининг ишончини ошириш ҳамда уларнинг имижини янада мустаҳкамлаш бўйича 2025 йилнинг декабрь ойида амалга ошириладиган” чора-тадбирлар режасига кўра, судлар томонидан амалга оширилган ишларга оид маълумотларни кенг оммага ёритиш белгиланган.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг январь ойидан декабрь ойига қадар Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида 124 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, апелляция инстанциясида кўрилган ушбу ишлардан жами 16 таси бекор қилинган, 1 та иш ўзгартирилган, 3 та шикоят бўйича апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган, 104 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг кассация инстанциясида жами 51 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 7 таси бекор қилинган, 44 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган бўлиб, ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан
8 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг тафтиш инстанциясида жами 51 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 1 та иш бекор қилинган, 50 та иш бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, тафтиш инстанцияда 6 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан жорий йилнинг январь ойидан декабрь ойига қадар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ жами 871 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб чиқилган.

Кўриб чиқилган 871 та маъмурий ишларнинг 313 таси қаноатлантирилган,
444 таси қаноатлантиришдан рад қилинган, 27 таси кўрмасдан қолдирилган
ва 87 таси иш юритувдан тугатилган, ушбу ишларнинг 44 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган, кўрилган ишлар бўйича мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилишларга нисбатан 162 та хусусий ажримлар чиқарилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро маъмурий судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан ушбу даврда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда ҳуқуқий мавзуларда жами 536 та тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан
273 таси оммавий ахборот воситаларида, 263 оғзаки тарғиботларни ташкил қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси  
Х.Хакимов

СУДЛАРДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА.

1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1003-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, бундан ташқари “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилди.

Мазкур қонунга кўра, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.

Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.

Суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечиради.

Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.

Бундан ташқари, рақамли далиллар бу иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлардир.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно. Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил мустасно.

Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио- ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.

Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий

 суди судья катта ёрдамчиси 
С.Халматов

Електрон онлайн-ауксион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш

Бугунги ривожланиб бораётган даврда ҳар бир соҳада рақамли технологиянинг ўрни муҳимдир. Бозор иқтисодиётида олди-сотди жараёнларининг электрон тизимга ўтиши шафофликни ҳамда ҳар қандай корупсия ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради. Янги Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш, ҳар бир тармоқда босқичма босқич рақамли технолгияни жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга келиб асосий эътибор  электрон онлайн-ауксион савдо соҳасини ривожлантириш ҳамда шу сохага доир қонунчиликни либералаштириш устида катта ишлар олиб борилмоқда. Мен сизларга электрон онлайн-ауксион савдони ўтказиш учун материал тайёрлаш босқичи ва тартиби тўғрисида маълумот бериб ўтаман.Намуна тариқасида ер участкаларини электон онлайн-ауксионга чиқариш бўйича материал тайёрлашни кўриб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ер участкалари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ижрочига «Е-ижара» АТ электрон ахборот алмашинув орқали давлат рўйхатидан ўтказилган куннинг ўзида юборади:

ер участкаси кадастр рақами, ер тури ва географик жойлашуви, майдони (гектарда);

ер участкасини электрон харитада кўрсатиш учун ер участкасининг кадастр харитаси (координатали нуқталари, чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема);

мавжуд давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобил ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, гидротехник иншоотлар, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (изоҳ кўринишида). Бунда давлат кадастрини юритувчи вазирлик ва идоралар давлат кадастрлари ягона тизимида маълумотларнинг тўлиқлигига жавобгар ҳисобланади.

 Ижрочи уч иш куни ичида «Е-ижара» АТ орқали юклаб олинган ер участкасини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ер участкасининг ҳақиқий ҳолати (лойиҳалаштирилаётган ер участкасининг ҳолати, ҳудуднинг ихтисослиги, сув билан таъминланганлик даражаси ҳамда ирригатсия ва мелиоратсия тизимининг ҳолати, балл-бонитети, шўрланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар)дан келиб чиқиб, ер участкасининг ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини белгилаб бериш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч иш куни муддатда ер участкасининг ихтисослашувини ва деҳқон хўжалиги учун ёки юридик шахслар учун ажратилишини ижрочига маълум қилади.

Ҳар бир ер тузиш лойиҳасига «Е-ижара» АТда автоматик тарзда ўзига хос рақам берилади. Бунда ҳар бир лот битта ер участкасидан иборат бўлади.

Битта яхлит контурдаги бир нечта лотлар учун умумлашган ягона ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бунда ижрочи томонидан ҳар бир лотнинг буюртмасига ер участкасини идентификатсия қилиш имконини берувчи маълумотлар киритилади.

 Ижрочи ҳар бир ер тузиш лойиҳасини Кадастр агентлигидан олинган дастлабки форматларда келишиш учун ваколатли ташкилотларга қуйидаги маълумотлардан ташкил топган ер тузиш лойиҳасини тасдиқлаш учун 3 иш куни ичида ижарага берувчига «Е-ижара» АТ орқали юборади:

а) ер участкасининг майдони (гектарда) ва тоифаси ҳамда ер турлари контурлар кесимида жадвал шаклидаги маълумот;

б) инфратузилма объектлари мавжудлиги тўғрисида маълумот;

в) ер участкасининг қишлоқ хўжалиги электрон харитасидан кўчирмаси, ер тузиш лойиҳасининг чегаралари ва манзили;

г) чегарадош ер участкалари фойдаланувчилари ҳақида маълумотлар.

д) ер майдонидаги тупроқнинг амалдаги балл бонитировкаси аниқланган сана ва кўрсаткичи.

Электрон онлайн-ауксион савдога қўйилаётган ер участкасида давлат кадастрлари объектлари (газ, алоқа ва энергетика объектлари, автомобил йўллари ва темир йўллар, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган тегралар, транспорт қувурлари, мелиоратсия ва ирригатсия иншоотлари, муҳофаза қилинадиган объект ва ҳудудлар ҳамда бошқалар) мавжуд бўлган ҳолатларда қўшимча равишда давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари билан ҳам келишилади.

 «Е-ижара» АТга ер тузиш лойиҳаси жойлаштирилган кундан бошлаб уч иш куни ичида:

а) ваколатли ташкилотлар томонидан ушбу лойиҳалар келишилади ёки келишиш рад этилади, бунда:

«Е-ижара» АТда қабул қилинган тегишли қарор ҳақида электрон рақамли имзо билан тасдиқланадиган белги қўйилади;

келишув ҳеч қандай эътироз ва шартларсиз амалга оширилади;

келишиш рад этилганда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда, тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда мазкур лойиҳа айнан қайси жиҳатдан ушбу нормаларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилади;

қонунчилик ҳужжатлари нормаларига зид бўлган сабаблар кўрсатилмаган ҳолда рад этиш ёки келишмасликка йўл қўйилмайди;

белгиланган муддатда ер тузиш лойиҳаси келишилмаслиги натижасида келиб чиққан ҳуқуқий оқибатлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига жавобгарлик чоралари қўлланилади;

Кадастр агентлигига келишиш учун маълумотлар электрон ахборот алмашинуви орқали юборилади;

б) ижарага берувчи тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди ҳамда «Е-ижара» АТ орқали ижрочига юборади, бунда:

ижарага берувчи электрон онлайн-ауксион савдога ижарага бериш ҳуқуқи қўйилаётган ер участкаси ер тузиш лойиҳасини унга тузатишлар киритиш учун ижрочига қайтариши мумкин, бошқа сабаблар билан ер тузиш лойиҳасини қайтаришга йўл қўйилмайди;

белгиланган муддатда жавоб берилмаган ҳолларда ер тузиш лойиҳаси тасдиқланган ҳисобланади.

Ижрочи уч иш куни ичида камчиликларни бартараф этиб, лойиҳани тасдиқлаш учун ижарага берувчига қайта киритади.

Бунда ваколатли ташкилотлар билан қайтадан келишиш талаб этилмайди.

 Ижарага берувчи икки иш куни ичида тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, ЭРИ билан тасдиқлайди.

Бунда ер тузиш лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини электрон онлайн-ауксион савдолари орқали ижарага бериш ҳуқуқи учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги электрон буюртма «Е-ижара» АТ орқали автоматик тарзда операторга юборилади.

 Буюртмага ер тузиш лойиҳаси ҳамда электрон онлайн-ауксион савдо ғолиби билан имзоланадиган ижара шартномаси бир томонлама ижарага берувчи томонидан имзоланган ҳолда илова қилинади.

Ижара шартномасида ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини сотиб олиш бўйича тўловлар ва ер участкасининг ижара ҳақини тўлаш тартиби алоҳида акс эттирилади.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари лотларга бўлинган контурнинг яхлитлигини таъминлаган ҳолда, бир хил турдаги маҳсулот экиш бўйича ер тузиш лойиҳаси билан бирга юбориладиган буюртмаларга асосан электрон онлайн-ауксион савдоларга чиқарилади.

 Буюртмага ер тузиш лойиҳаси илова қилинмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, оператор томонидан буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун буюртмани «Е-ижара» АТ орқали ижрочига қайтаради.

Ижрочи буюртмани қайтаришга асос бўлган камчиликларни бир иш куни ичида тўлиқ бартараф этиб, такроран буюртмани «Е-ижара» АТ орқали операторга юборади.

         Электрон онлайн-ауксион савдони ўтказиш учун материалларни тайёрлаш босқичи мана шундай тартибда амалга оширилади. Бундан ташқари бу соҳани содалаштириш ҳамда ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Сиз ва биз озод юрт фарзандлари давлатимиз ривожи учун ҳар бир соҳани юқори нуқталарга олиб чиқиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судяси Н.Бобомуратова

Skip to content