Конституция- инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати.

Мамлакатимиз тараққиётга эришишида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция муҳим ўрин тутган. Шу боис барча байрамлар орасида Конституция куни ўзга хос маънавий-ҳуқуқий аҳамиятга эга. Бу кун улуғ айёмлардан бири сифатида миллий байрамимизга айланган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг жаҳон билан ҳамқадам ривожланишига мос равишда Конституциямиз ҳам такомиллашди. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси Бош қомусимизда ўз ифодасини топди.

Айрим кишилар Конституцияни бунча кўп ўзгартириш шартми, баъзи давлатлар Конституция деярли ўзгармайдику, дея эътироз билдиришади. Бизнинг давлатимиз ёш ва жадал ривожланиб бормоқда. Бундан 30 йил олдинги Ўзбекистон билан, ундаги қонунчилик, шарт-шароитлар билан ҳозирги давр тўғри келмайди. Демак, Конституциямиз ҳам шундай. Қонунлар замон билан ҳамнафас бўлиши керак.

Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди. Янги Ўзбекистон учун янги таҳрирдаги Конституция зарур бўлди. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум орқали янгиланган Конституциямизни қабул қилдик.

Бугунги Ўзбекистон янги жамият, янги давлатни барпо этишдек буюк мақсадни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Буюк мақсадларни амалга ошириш учун албатта унинг қонуний, ҳуқуқий асослари ҳам талаб этилади.

Конституция мамлакатнинг Асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади.

Конституциямизнинг 1-моддасида «Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» деб мустаҳкамланган.

15-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади” деб қайд этилган.

Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган янги, замонавий ва муҳим нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб бермоқда.

Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилганлиги, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини намоён этди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг қонунчилигимизда жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди. Жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бу нормалар қонунларимизда аввалдан мавжуд эди. Энди улар конституциявий қоида сифатида киритилди. Шахсни суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар ҳам конституциявий қоида сифатида жой олди.

Сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобга барча фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилганлиги ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлайдиган, давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини оширадиган қоидалар билан тўлдирилганлиги жамиятимиз равнақига, аҳоли фаровонлигига ўз ижобий самарасини кўрсатади.

Термиз туманлараро маъмурий

суди судъя ёрдамчиси    

Ж.С.Ачилдиев

Солиқ назорати ва унинг шакллари .

Ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолияти солиқ назоратидир.

Солиқ назорати мақсадида давлат органлари, муассасалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар солиқ тўловчиларни солиқ бўйича ҳисобга олиш учун зарур бўлган маълумотларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши шарт.

Солиқ назорати мақсадида банклар ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаради. Солиқ, божхона органлари ва бошқа ваколатли органлар, прокуратура органлари ҳамда тергов органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари, ўзлари олиб бораётган солиқ текширувлари ҳақидаги ўзида мавжуд материаллар тўғрисида бир-бирини хабардор қилади. Шунингдек мазкур органлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа зарур ахборот билан алмашишни амалга оширади. Бундай хабардор қилиш тартиби мазкур органлар ўртасидаги келишувлар билан белгиланади.

Солиқ тўловчи (солиқ агенти) тўғрисида қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ушбу шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Солиқ назорати материаллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.

Солиқ назоратининг шакллари

Солиқ органлари солиқ назоратини:

1) солиқ текширувлари;

2) солиқ мониторинги шаклида амалга оширади.

Божхона органлари товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқларга нисбатан ўз ваколатлари доирасида ушбу Кодексга ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ назоратини амалга оширади.

Солиқ текширувларининг турлари

Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

1) камерал солиқ текшируви;

2) сайёр солиқ текшируви;

3) солиқ аудити.

Камерал солиқ текшируви

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификатсия рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади.

Камерал солиқ текшируви ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда сўраб олиши мумкин.

Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак. Сўралган ҳужжатларни тақдим этиш муддати солиқ тўловчининг ҳужжатлар тақдим этиш учун сабаблари ва зарур бўлган муддатлари кўрсатилган аризасига кўра солиқ органи томонидан узайтирилиши мумкин.

Агар солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви тугагунига қадар ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ўзгартирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.

Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.

Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Агар ўрганиш ва таҳлил қилиш якунларига кўра тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.

Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли. Солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.

Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.

Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани солиқ тўловчига юборади.

Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Мазкур қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зиммасига солиқ ҳисоботини тақдим этиш бўйича мажбурият юклатилган солиқ агентларининг ва бошқа шахсларнинг камерал солиқ текширувларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан қўшилган қиймат солиғининг суммасини қайтариш учун ариза тақдим этилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмайди.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади.

Камерал солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.

Сайёр солиқ текшируви

Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.

Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.

Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.

Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.

Сайёр солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.

Солиқ аудити

Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудитидир.

Солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади.

Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календар кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.

Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларнинг солиқ аудити Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспексияси томонидан инспексия бошлиғининг (инспексия бошлиғи ўринбосарининг) буйруғи асосида амалга оширилади.

Солиқ аудитида иштирок этиш учун бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.

Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган солиқ тўловчининг номи ва идентификатсия рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, солиқ аудитини ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.

Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Ушбу Кодекснинг 143-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити фақат ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин.

Солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётганда солиқ аудити, солиқ тўловчининг бевосита солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолиятини қамраб олиши мумкин.

Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Солиқ аудити ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати

Агар ушбу Кодекснинг 142-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити ўттиз кундан ортиқ давом этиши мумкин эмас.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.

Солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш

Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса — уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш асослари ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилайди.

Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ аудити ўтказилишини қуйидагилар учун ҳам узайтиришга ҳақли:

1) ушбу Кодекснинг 146-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш;

2) чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олиш;

3) экспертизалар ўтказиш;

4) чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш.

Солиқ аудити муддатини ушбу модданинг учинчи қисми 1-бандида кўрсатилган асос бўйича узайтиришга ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади.

Солиқ аудити муддатини узайтириш солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) тегишли буйруғи билан расмийлаштирилади.

Солиқ аудитининг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилган солиқ аудити тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.

Солиқ аудитини ўтказишга доир чекловлар

Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Солиқ назорати доирасида ҳаракатларни амалга ошириш чоғидаги баённомага қўйиладиган умумий талаблар

Солиқ назорати ҳаракатларини ўтказиш чоғида баённома тузилади. Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

1) текшириш ўтказишнинг асослари, тури ва даври;

2) амалга ошириладиган аниқ ҳаракатнинг жойи ва санаси;

3) ҳаракатнинг бошланиш ва тугаш вақти;

4) баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

5) ҳаракатда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган ҳар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, зарур бўлган ҳолларда эса — унинг манзили;

6) ҳаракатнинг мазмуни, уни амалга ошириш кетма-кетлиги;

7) ҳаракатни бажариш чоғида аниқланган, иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар ва ҳолатлар.

Баённома ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан ўқиб чиқилади. Мазкур шахслар баённомага киритилиши ёки материалларга қўшиб қўйилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли.

Баённома солиқ органининг уни тузган мансабдор шахси, шунингдек ҳаракатни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан имзоланади.

Баённомага фотосуратлар, видеоёзувлар ва ҳаракатни амалга ошириш чоғида бажарилган бошқа материаллар илова қилинади.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш чоғида текширув далолатномаси, зарур бўлган тақдирда эса солиқ назорати тадбирларининг бошқа материаллари, шунингдек ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахснинг ёзма эътирозлари ҳам ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Ёзма эътирозларнинг мавжуд эмаслиги ушбу шахсни (унинг вакилини) текширув материалларини кўриб чиқиш босқичида ўз тушунтиришларини бериш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш вақтида тақдим этилган далиллар, шу жумладан ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсдан илгари талаб қилиб олинган ҳужжатлар, ушбу шахс солиқ текширувларидан ўтказилганда солиқ органларига тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ўрганилади.

Ушбу Кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги қўшимча маълумотлар (ахборот), агар улар ушбу Кодексда белгиланган муддатлар бузилган ҳолда солиқ органига тақдим этилган бўлса ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш давомида зарур бўлган тақдирда ушбу кўриб чиқишда иштирок этиш учун гувоҳни, экспертни, мутахассисни жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

Солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилаётганда баённома юритилади.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари):

1) ўзига нисбатан текширув далолатномаси тузилган шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этган-этмаганлигини;

2) аниқланган қоидабузарликлар солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатини ташкил этиш-этмаслигини;

3) шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асослар мавжуд-мавжуд эмаслигини;

4) солиқ тўловчининг эътирозлари асосланганлигини белгилайди.

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлган тақдирда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишдаги айбини истисно этувчи ҳолатларни ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни юмшатувчи ёхуд оғирлаштирувчи ҳолатларни аниқлайди.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги фактини тасдиқлаш учун қўшимча далиллар олиш зарур бўлган тақдирда ёки улар бўлмаганда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини бир ойдан ошиқ бўлмаган муддатда ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақлидир.

Солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини тайинлаш тўғрисидаги қарорда бундай қўшимча тадбирларни ўтказиш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар баён этилади, уларни ўтказиш муддати ва аниқ шакли кўрсатилади.

Солиқ назоратининг қўшимча тадбирлари сифатида ушбу Кодекснинг 146 ва 147-моддаларига мувофиқ ҳужжатларни талаб қилиб олиш, гувоҳни сўроқ қилиш, экспертиза амалга оширилиши мумкин.

Солиқ назорати қўшимча тадбирларининг бошланиши ва тугаши, солиқ назоратининг ўтказилган қўшимча тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги фактини тасдиқлаш учун олинган қўшимча далиллар, текширувчиларнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга доир хулосалари ва таклифлари ҳамда ушбу Кодекснинг моддаларига оид ҳаволалар, агар ушбу Кодексда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ушбу бузилишлари учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчада қайд этилади.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини ўтказган солиқ органининг мансабдор шахслари томонидан бундай тадбирлар тугаган кундан эътиборан ўн кун ичида тузилиши ва имзоланиши керак.

Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча солиқ назоратининг қўшимча тадбирлари натижасида олинган материаллар илова қилинган ҳолда ушбу қўшимча тузилган санадан эътиборан уч кун ичида ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсга (унинг вакилига) имзо қўйдириб берилиши ёки у олинган сана тўғрисида далолат берувчи бошқа усулда топширилиши керак.

Агар ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахс (унинг вакили) солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчани олишдан бош тортса, бундай факт текширув далолатномасига доир қўшимчада акс эттирилади. Бундай ҳолда солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча ташкилотнинг (алоҳида бўлинманинг) жойлашган ери ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича почта орқали буюртма хат билан юборилади ва буюртма хат юборилган санадан эътиборан бешинчи кунда қабул қилинган деб ҳисобланади.

Ўзига нисбатан солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви ўтказилган шахс (унинг вакили) солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча олинган кундан эътиборан ўн кун ичида текширув далолатномасига доир бундай қўшимча бўйича умуман ёки унинг алоҳида қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

 судя катта ёрдамчиси З.Темиров

Стратегиянинг асосий вазифаси.

“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, давлат номидан суд қарорларини қабул қилаётган судлар ва судяларга, шунингдек, уларнинг қарорларига нисбатан ҳар бир фуқарода, шу жумладан, барча даражадаги мансабдорларда ҳурмат руҳини шакллантириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш, судялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.   

                    Стратегиянинг асосий йўналишлари

Жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини инсонпарварлик тамойиллари асосида такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш. “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш.

Процессуал қонунчиликда адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш.

Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш. Ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш. Суд ишлари бўйича айрим тоифадаги низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш.

Суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилини амалда таъминлаш учун таъсирчан механизмларни яратиш.

3) Одил судлов сифатини тубдан ошириш

Суд иш юритуви самарадорлигини янада ошириш чораларини кўриш. Юқори суд инстанцияларининг суд қарорларини қайта кўриш фаолиятида рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли учун тушунарли ва қулай, шунингдек, қуйи суд хатоларини ўз вақтида тўғрилашга кўмак берувчи механизмларни йўлга қўйиш.

Ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш.

Судяларнинг ихтисослашуви талаб этиладиган тоифадаги низолар бўйича ихтисослаштирилган судялар корпусини кенгайтириш чораларини кўриш.

Суд ишларини кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш учун зарур чораларни кўриш. Олий суд Пленуми қарорларига шарҳларни тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш.

4) Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш

Судялар фаолиятига ҳар қандай аралашувларга, шу жумладан, давлат идоралари ва мансабдор шахслар аралашувларига барҳам беришнинг қатъий чораларини кўриш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш.

Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.

Судялар дахлсизлигини бузиш ҳолатларида бевосита судялар томонидан ўз вақтида таъсирчан чоралар кўриш имкониятларини кенгайтириш.

Процессуал тартибга риоя қилган ҳолда келиб тушган мурожаатларнинг процессуал қонунчилик асосида кўриб чиқилишини таъминлаш.

Судяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш.

Илғор хорижий тажриба асосида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш орқали улар фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш механизмларини жорий этиш. Бу чора тадбирларнинг барчаси провардида одил судловни амалга ошириш билан бир қаторда ҳалқни судга нисбатан ишончини ҳамда қонун ва судга нисбатан хурмат муносабатини шакиллантириш, орқали фуқароларнинг давлатга нисбатан розилик ҳисини уйғотган бўламиз.

Вилоят маъмурий суди

Архив мудири    

Н.Рахманова

Маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони маъмурий судларнинг ташкил этилиши маъмурий тартиб-таомилларни ва бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни амалга оширишда жуда муҳимдир.

Маъмурий судларнинг ташкил қилиниши жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда уларнинг ҳар бир талабини чуқур таҳлил қилиш, қабул қилинаётган суд ҳужжатини тайёрлашда уни жамоатчиликка ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунарли бўладиган, суд қарорининг барқарорлигига шубҳа туғдирмайдиган, суд қарори устидан шикоят қилинишига ҳожат қолдирмайдиган даражага етказиш борасида кенг имконият яратди.

Маъмурий судларда қуйидаги мазмундаги ишлар кўриб чиқилади ва ҳал этилади, хусусан:

– идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни (бу тоифадаги ишлар Олий суд томонидан кўриладиган ишлар тоифасига киради)

– маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

– сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

– нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

– давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

– ушбу Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

-ушбу MСИЮтКнинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

– маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги.

Маъмурий судга  ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақлидир.

Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида мурожаат қилинади.

Вилоят маъмурий суди

Архив мудири 

Н.Рахманова

Янги таҳрирдаги Конституция – инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати.

“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади”.

Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.

Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!

Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши «Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун» тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси

Х.Нарзуллаев

Халқимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёйев раҳбарлигида изчиллик билан тадбиқ этилаётган ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад ҳам мужассамдир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак. Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Соҳага оид жадаллашган
саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда. Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераяпти. Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.

Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади. Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик.

Хусусан, Бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.

Шу жиҳатдан, соҳада амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субйектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераяпти.

Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар туфайли  мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам юксалмоқда. Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни тубдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжатда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

Бир сўз билан айтганда, халқаро стандартларга жавоб берадиган суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланиши маҳаллий ва хорижий инвесторларда қизиқиш ва ишончни уйғотади. Тадбиркорлик соҳаси вакиллари низолар юзага келганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Бу эса инвестиция жалб этиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Термиз туманлараро маъмурий суди

судя ёрдамчиси     

  С.К.Маматалийев

ФУҚАРОНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ.

Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган) судга ариза билан мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят Термиз шаҳар бўлимининг фуқароларга пенсия ва компенсация тўловларини тайинлаш комиссиясининг 2024 йил 29 августдаги 69-сонли қарорига кўра, фуқаро Ш.Болтаевнинг(исм фамилияси ўзгартирилган) пенсия (пенсия иши рақами 14533332) иши қайта ўрганилганда 2019 йил февраль ойи иш ҳаққи хато киритилганлиги натижасида, фуқарога 2 437 400.90 сўм миқдорида бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг маблағи ортиқча тўланганлиги аниқланганлигини, шу сабабли Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонунининг 65-моддасига асосан, фуқарога тўланиши лозим бўлган ёшга доир пенсия тўловидан, ҳар ойда 50 фоиздан чегириб қолиш ва ушбу ортиқча тўлов суммаси тўлиқ ундирилгунига қадар чегириб қолиш кўрсатилган.

  Аризачи Ш.Болтаевнинг (исм фамилияси ўзгартирилган)турмуш ўртоғи Бобоқулова Меҳринисо (исм фамилияси ўзгартирилган) 2022 йил 1 август куни вафот этганлиги сабабли, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлими томонидан икки нафар фарзандлари учун нафақа тайинланган.

  Аризачи 2024 йил сентябрь ойида олиши керак бўлган пенсия миқдори пластик картасига кам тушганлиги сабабли Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимига мурожаат қилганда мурожаат ўрганилиб, мурожаатчига ортиқча пенсия тўланганлиги ва шу сабабли ушбу сумма қайтарилгунга қадар олинадиган пенсия пулидан 50 фоиз ушлаб қолиниши маълум қилинган. 

         Мазкур қарордан норози бўлган аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган), Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан ариза билан судга мурожаат қилган.

  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонуни 65-моддаси биринчи қисмининг б) бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан-пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин; Ушбу Қонуннинг иккинчи қисмига кўра, текшириш (ўрганиш) ўтказиш бошланган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган ва (ёки) қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилишига (ўрганилишига) ҳамда улар бўйича тўланган ортиқча суммаларнинг ушлаб қолинишига (ундирилишига) йўл қўйилмайди деб қайд этилган.

Бироқ, жавобгар томонидан низоли қарорга асосан фуқаронинг уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган пенсияси юзасидан ортиқча пуллар фуқарога тўланганлигини аниқланган ва ундириш белгиланган.

         Ушбу ҳолатда, қонунчилик талабига кўра, жавобгар томонидан фуқарога ортиқча тўланган пенсия пулларини қайтариш фақатгина уч йилдан ошмаган давр учун амалга оширилиши мумкин.

         Ушбу асосларга кўра, суд жавобгарнинг аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган)га нисбатан у томонидан ҳар ойда олинадиган пенсия пулидан 50 фоиз ушлаб қолиниши ҳақида қабул қилган 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарорини қонуний ва асосли деб топмаган.

Шу сабабли, суднинг 08.10.2024 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан  жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлимининг 2024 йил 20 августдаги 69-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, суднинг қарорини билан аризачи Ш.Болтаев (исм фамилияси ўзгартирилган)нинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Термиз туманлараро

маъмурий судининг судья ёрдамчиси    

                                           Ш.Х.Бобомуродов

Судлар томонидан Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш

2023 йилнинг 1 май кунидан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири кўплаб соҳаларда зарур бўлган нормалар билан боййитилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

         Бу каби нормалардан бири бўлган Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўлланилиши суд-ҳуқуқ соҳасида энг аҳамиятлисидир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

         Ўз навбатида эса, одил судловни амалга оширувчи суд ўзига тегишли ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

         Маълумки, у ёки бу соҳада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари Бош қомусимиз белгилаган нормалар асосида, бошқача қилиб айтганда, шу ҳужжатнинг ўзаги сифатида қабул қилинади. Бу билан, Конституцияда белгилаган нормалар маълум маънода қолган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳиятини ташкил қилиб, аниқлаштиради.

         Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

         Эндиликда, мазкур нормага асосан Конституция у қонуний кучга кичга кирган вақтдан бошлаб юзага келган тегишлии муносабатларга нисбатан бевосита қўлланилишини тушуниш мумкин.

         Шунингдек, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши билан боғлиқ муҳим қоида бу 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуннинг 4-моддасида белгиланган Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилишидир.

         Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилиши муносабати билан уни тўғри ва тўлиқ тушуниб, ўзлаштириб олиш лозим,бунинг натижасида Конституция нормаларини қўлламаслик, уни нотўғри ёки зид қўллаш каби қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинади.

         Судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига доир масалалар юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш вазифаси юклатилган судларнинг одил судлов фаолиятида Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўллаши маълум маънода алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди.

         Шу муносабат билан Олий суд Пленуми томонидан “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2023 йил 23 июнь куни 16-сон қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 4-банди 3-хатбошисига кўра, судлар инобатга олиши керакки, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги ҳақида аниқ тушунтириш берилган.

Конституциянинг 29-моддаси 4-қисми нормалари судлар томонидан далилларга баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 9-банди 2-хатбошисида мазкур нормага тушунтириш берилиб, Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳамда қонунларда белгиланган тартибларни бузган ҳолда ёхуд қонунларда назарда тутилмаган ҳаракатлар натижасида тўпланган далиллар қонунни бузган ҳолда олинган далиллар деб эътироф этилиши лозимлиги таъкидланган.

Судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини муайян ишда қўллашда Конституциянинг 16-моддаси талабларини инобатга олишлари лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилиниши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Давлат органлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақида нормаларидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, умуман олганда қонунчилигига янги қўшилган муҳим институтлардан бири – мутаносиблик принципи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Судлар, давлат органларининг таъсир чоралари билан боғлиқ ишларда қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланганлиги ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлганлигини текшириш лозим

Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси

Каримов Санжар Зоирович

СУД ТИЗИМИДА: ТЕРГОВ СУДЬЯСИ жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси- фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таҳминлашга қаратилган.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш орқали аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини ошириш давлатимизнинг асосий мақсадларидан биридир.

Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали таъминлаш чораларини кучайтириш заруратини келтириб чиқарди.

Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилади.

Шунингдек, тергов судьяси: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби санкцияларни бериши мумкин.

Тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш каби мажбурлов чораларини қўллаши мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгиланади.

Президентнинг ушбу фармони суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья

катта ёрдамчиси     
        С.Халматов  

КОНСТИТУЦИЯ    КЕЛАЖАГИМИЗ   ПОЙДЕВОРИ!

Мамлакатимиздаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, ислоҳатлар, бунёдкорликлар ҳамда халқимиз фаровонлиги, тинчлигининг бош ҳуқуқий асоси-Конституция ҳисобланади.

Конституцияда давлат тузилиши, давлат ва жамият қурилишининг ўзига хос жиҳатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, мажбуриятлари ҳамда энг муҳим муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан аниқ қилиб мустаҳкамлаб қўйилади. Айнан Конституцияда давлатнинг, жамиятнинг ва бу орқали ҳар бир шахснинг манфаатларига дахлдор масалалар, жумладан қонун ва қонуности ҳужжатлари доирасида тизимли ва мақсадли ҳал қилиб борилади. Конституция уни қабул қилган давлат фуқароларининг бевосита иродасини ифодалаб, ўзида мазкур жамиятнинг тафаккурини халқнинг рухини ўзида акс эттиради.

 Мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади.

Айнан шунинг учун ҳам юртимизда Конституциявий ислоҳотлар олиб борилиб, 6 бўлим, 27 боб ҳамда 155 моддадан иборат янги Конституция қабул қилинди.

Янги Конституция қабул қилингунига қадар мамлакатимиз Бош қомусига 16 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди.

Янги Конституциямизни чинаккам манода ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ деб аташ ўринлидир. Чунки, Қомусимиз қабул қилинишни арафасида муҳокамаларда олимлар, ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, хориждаги ватандошларимиз, умуман Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, 220 мингдан зиёд ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Авваламбор янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортганлигини кўришимиз мумкин.

Янги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортган, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошган.

Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган ва ҚОМУСИМИЗ халқ ижодкорлигида яратилган.

Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим!

            Термиз туманлараро маъмурий

суди девонхона мудири   
    А.Мелиқулов

Skip to content