Коррупция тараққиёт кушандаси

Қонунчиликка кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Коррупция демократик институтларнинг издан чиқишига, иқтисодий ривожланишнинг секинлашишига сабаб бўлиб, бу ўз ўрнида мамлакат тараққиётига путур етказади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг берган маълумотларига кўра, дунёда йиллик пора миқдори 1 триллион долларни ташкил қилади. Коррупция натижасида жаҳон иқтисодиёти ҳар йили 2,6 триллион доллар йўқотади – бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Шу билан бирга, мамлакатлар коррупцияга қарши курашар экан, давлат даромадлари узоқ муддатли истиқболда тўрт баробарга ортади.

Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида 9 декабрь санаси 2004 йилдан бери ҳар йили нишонлаб келинмоқда. 2003 йилнинг шу куни Мексиканинг Мерида шаҳрида юқори даражадаги сиёсий конференцияда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2003 йил 1 ноябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция давлатлар томонидан имзолаш учун очиқ деб эълон қилинди. Ушбу кунни нишонлашдан мақсад коррупция муаммосини тубдан тушуниш ва Конвенциянинг коррупция билан курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги аҳамиятини англаб етишдан иборатдир.

Коррупцияга қарши кураш БМТнинг17 та мақсад ва 169 та вазифадан иборат 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига киритилган. Коррупция ва порахўрликнинг барча кўринишларини сезиларли даражада камайтириш масаласи “Тинчлик, адолат ва самарали институтлар” деб номланган 16-мақсаднинг асосий вазифаларидан биридир.

Коррупция жамоат тартибини бузади ва аҳолининг давлатга ва келажакка ишончини йўқотади. Шу орқали уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсон хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа таҳдидларнинг ривожланишига имконият яратади.

Коррупция мамлакат бойлигининг пасайишига ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Коррупция натижасида иқтисодий ўсиш суръатларини, ялпи миллий маҳсулот таркиби ва сифатини белгилайдиган кичик бизнес эгалари кўпинча “олдиндан бўладиган харажатлар”га дуч келадилар. Оқибатда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши секинлашади, халқнинг турмуш даражаси ёмонлашади.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда ва коррупцияга қарши кураш бўйича барча давлатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид бир қатор концептуал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ҳамда Қарорлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш – жамият давлат органлари фаолияти ва улар эришган натижаларни очиқ муҳокама қилиш имкониятига эга.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан бири давлат хизматчиси ва фуқаро ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатни истисно қилувчи рақамлаштиришдир. Бу борада мамлакатимизда бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 180 дан ортиқ турдаги давлат хизмати аҳолига қулай ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали амалга оширилмоқда. Ер участкалари ва давлат активларини, шунингдек, автотранспорт воситалари учун давлат рақам белгиларини онлайн аукционда сотиш тизими йўлга қўйилди.

Шу каби чоралар коррупция ҳолатларининг олдини олувчи очиқлик ва шаффофлик ҳамда жамоатчилик назорати принципини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестрини шакллантириш, коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, ушбу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар бўйича ҳуқуқий статистикани юритиш коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда янада самара беради.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашда ҳар бир фуқаро ўзига хос масъулиятни зиммасига олиши, коррупция ва ҳарқандай ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши лозим. Бинобарин, коррупцияга барҳам бериш нафақат давлатнинг, балки бутун жамиятнинг манфаати ва вазифасидир.

Бу муаммо ҳар бир фуқарони ташвишга солиши, ушбу иллатга қарши курашда ҳеч ким четда турмаслиги керак. Жамият ва давлат тараққиёти, тинчлик ва хавфсизлик йўлида коррупцияга қарши курашда бирлашиш давр тақозосидир.

Сурхондарё вилроят

маъмурий суди судьяси  Д.Жўраев