Конституция- инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати.

Мамлакатимиз тараққиётга эришишида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция муҳим ўрин тутган. Шу боис барча байрамлар орасида Конституция куни ўзга хос маънавий-ҳуқуқий аҳамиятга эга. Бу кун улуғ айёмлардан бири сифатида миллий байрамимизга айланган.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг жаҳон билан ҳамқадам ривожланишига мос равишда Конституциямиз ҳам такомиллашди. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси Бош қомусимизда ўз ифодасини топди.

Айрим кишилар Конституцияни бунча кўп ўзгартириш шартми, баъзи давлатлар Конституция деярли ўзгармайдику, дея эътироз билдиришади. Бизнинг давлатимиз ёш ва жадал ривожланиб бормоқда. Бундан 30 йил олдинги Ўзбекистон билан, ундаги қонунчилик, шарт-шароитлар билан ҳозирги давр тўғри келмайди. Демак, Конституциямиз ҳам шундай. Қонунлар замон билан ҳамнафас бўлиши керак.

Ўзбекистон янги даврга қадам қўйди. Янги Ўзбекистон учун янги таҳрирдаги Конституция зарур бўлди. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум орқали янгиланган Конституциямизни қабул қилдик.

Бугунги Ўзбекистон янги жамият, янги давлатни барпо этишдек буюк мақсадни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Буюк мақсадларни амалга ошириш учун албатта унинг қонуний, ҳуқуқий асослари ҳам талаб этилади.

Конституция мамлакатнинг Асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади.

Конституциямизнинг 1-моддасида «Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат» деб мустаҳкамланган.

15-моддасида эса “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади” деб қайд этилган.

Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган янги, замонавий ва муҳим нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб бермоқда.

Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилганлиги, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини намоён этди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг қонунчилигимизда жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди. Жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бу нормалар қонунларимизда аввалдан мавжуд эди. Энди улар конституциявий қоида сифатида киритилди. Шахсни суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар ҳам конституциявий қоида сифатида жой олди.

Сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобга барча фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилганлиги ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кафолатлайдиган, давлатнинг халқ олдидаги масъулиятини оширадиган қоидалар билан тўлдирилганлиги жамиятимиз равнақига, аҳоли фаровонлигига ўз ижобий самарасини кўрсатади.

Термиз туманлараро маъмурий

суди судъя ёрдамчиси    

Ж.С.Ачилдиев