“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва яшаш жойини танлашга эркиндир.

Тарихдан маълумки, меҳнат турлари ва санъат дастлаб аёл зоти томонидан кашф этилган, эркаклар эса уларни ривожлантириб, такомиллаштирган. Демак, ҳозирги замон цивилизациясининг ибтидосида аёл турган.

Аёлларнинг эркаклар билан ҳақиқий тенглигига эришиш борасида қўлга киритилган муайян ютуқларга қарамай, ҳамон уларнинг турли хил муаммолари мавжуд.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган қонунларимизда аёл ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди.

Хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинларини қонун талаби асосида таъминлаш муаммоси турли омилларга, жумладан, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлангани, умумий маданият, фуқаролик жамиятининг шаклланиш даражасига боғлиқ. Гендер муаммосини ҳал этиш учун давлат ва жамиятнинг биргаликдаги куч-ғайрати талаб қилинади. Яъни гендер тенглиги давлатнинг ҳимоя сиёсати ҳамда хотин-қизларнинг ташаббуси орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса, келажакда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, фуқаролик жамияти қуришга камарбаста фаол аёллар сафини янада кенгайтириш имконини беради.

Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилган хотин-қизларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг исботидир.

Жамиятда хотин-қизларнинг ҳар томонлама қуллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий кўмаклашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва белгиланган чора-тадбирларни ижросини таъминлаш борасида барча соҳа вакиллари биргаликда сайю-ҳаракат қилишмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 4 октябрь куни Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьялари Х.Рахимова, О.Эронқулов, С.Халматов ва Б.Эргашевлар томонидан Термиз шаҳридаги “Дўстлик” МФЙ, “Навруз” МФЙ, “Байналминал” МФЙ ва “Турон” МФЙда “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказиб, маҳалла фуқароларига “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга мутасадди вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма қарорнинг мазмун моҳияти ҳамда аёллар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёллар ва хотин-қизлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигини олдини олиш борасида ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Сайёр қабул жараёнида мурожаат қилган хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ва бошқа турли муаммолари юзасидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Сайёр қабул жараёнида маҳалла раислари ва мутасаддий ходимлари судьяларга яқиндан кўмаклашиб, қабулда келган хотин-қизларни муаммоларини ҳал этиш борасида шароит яратиб беришди.

Сайёр қабул жараёнида мурожаат қилганларнинг аксарияти суд-ҳуқуқ масалаларидан ташқари, иш билан таъминлаш, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун моддий ёрдам бериш, бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа ижтимоий масалалар бўйича мурожаат қилишди. 

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси                                    Х.Рахимова