Ер умуммиллий бойлик, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг замон талабидир

Маълумки, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб:
– ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиниши;
– ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши;
– давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши;
– барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкинлиги;
– кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Шу мақсадда, 2021 йил 16 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, кодекснинг 9-моддаси “Суғорилмайдиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади, суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади” деган мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди.
Шунингдек, кодекс “Бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ажратиладиган ўлчамлари” деб номланган 461-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қуйидаги ўлчамларда:
1) деҳқон хўжалигини юритиш учун — 0,06 гектардан
1 гектаргача;
2) фермер хўжаликларига ва бошқа юридик шахсларга:
сабзавотчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
боғдорчиликка, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 3 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларни етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) — суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар;
пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида
30 гектар;
ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашганларга — камида 10 гектар;
3) агросаноат кластерлари, шу жумладан кооперация шаклидаги кластерлар учун:
пахтачилик-тўқимачиликка ихтисослашганларга — камида 2000 гектар;
ғаллачиликка ихтисослашганларга — камида 1000 гектар;
сабзавотчилик ва полизчиликка ихтисослашганларга — камида 200 гектар;
боғдорчилик, узумчиликка ихтисослашганларга — камида 100 гектар;
чорвачилик маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашганларга озуқа экинларини етиштириш учун (шартли бир бош қорамол учун) суғориладиган ерлардан — камида 0,3 гектар, лалмикор ерлардан — камида 1 гектар, яйловлар ва пичанзорлардан — камида 2 гектар ажратилади.
Худди шунингдек, кодекс “Ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати” деб номланган 831-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра:
– ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилиши;
– ер участкаларидан мақсадли фойдаланилиши устидан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширмасликка, ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаб олишга ёки уларнинг чегараларини ўзгартиришга, ерларнинг тоифасидан қатъий назар, барча турдаги бинолар ва иншоотларни ўзбошимчалик билан қуришга йўл қўймаслик устидан давлат назоратини амалга ошириш хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмаслиги;
– махсус ваколатли давлат органлари ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ зарур статистик ахборотни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотни, қарорларни ҳамда бошқа ҳужжатларни, шу жумладан очиқ танловларга ва электрон онлайн-аукционларга тааллуқли ахборотни давлат органлари ва ташкилотларидан ёки уларнинг мансабдор шахсларидан беғараз асосда сўраш ва олишга ҳақлилиги;
– давлат органлари, ташкилотлари ва мансабдор шахслар сўралаётган ахборотни махсус ваколатли давлат органларига беш иш куни ичида тақдим этиши кераклиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, кодекс “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш оқибатлари” деб номланган 911-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш учун ажратилмаган ер участкасида қонунга хилоф қурилиш объектини барпо этган шахслар инсофли мулкдор деб тан олинмайди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларидаги қонунга хилоф қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, электр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади деб белгиланди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ЖКга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, кодекс “Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш” деб номланган 2296-модда билан тўлдирилиб, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган бўлди.
Агарда ўша қилмиш:
а) ерларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Ўша қилмиш:
а) ерларга жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган бўлди.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахсга нисбатан, агар у ер участкасининг қайтарилишини ҳамда ернинг қишлоқ хўжалиги оборотига киритилишини таъминласа, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Хулоса ўрнида шу алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, ер умуммиллий бойлик, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади.

Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси                                                                                Б. Эргашев