Судьялар аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш тарафдори

Аёллари эъзозланадиган жамиятда фаровонлик ҳукм суради. Мамлакатимизда айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизларимизга ҳар доим ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб келинмоқда. Аммо, айрим ҳолатларда аёлга нисбатан тазйиқлар, айниқса турмуш ўртоғи томонидан зўравонлик ҳолатларининг мавжудлиги эса, халқнинг тубанлик томон оғиб кетаётганлигини англатиб, охир оқибат жамиятнинг таназзулга учрашига олиб келади.
Зеро, жамиятнинг дебочаси бўлган маданият ва тарбия бешиги ҳисобланадиган оила ўчоғини сақловчиси, оилада бахт кайфиятини яратувчидир, оила аъзоларининг камолотга эришишга ва янги ютуқларга илҳомлантирувчи шахс айнан аёл кишидир.
Тан олиб айтиш жоизки, жамиятимизда яқин яқингача маиший ёки «уй зўравонлиги»га кўпинча оиланинг ички муаммоси сифатида юзаки қараб келинган.
Шунингдек, халқимизда бир қатор стереотиплар ҳам борки, улар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг латент ҳолатда, индамасдан, муаммо сифатида кўтарилмасдан қолишига, бу эса ўз навбатида охир оқибат ачинарли ҳолатларга олиб келмоқда.
Хусусан, жамиятимизда оилада қиз бола туғилса унга “бировнинг хасми” деган ғоя билан вояга етказилади. Оналар ўз қизларини “турмушнинг мушти бор”, “аёл қиши сув келса – симириб, тош келса – кемириб, барча азобларга чидаб яшаши керак”, “ эри сўкса – сўк оши, урса – угра оши”, “урса, демак яхши кўради” деган салбий ғоявий иллатлар шулар жумласидандир.
Натижада, ушбу муаммога учраб зўравонлик қурбони бўлган аёллар, аксарият ҳолатларда жамиятдаги шармандалик ва турли гап-сўзлардан, қариндош-уруғларининг таъна-дашномларидан ҳадиксираб, узатилган уйида эса зўравон оила аъзоларидан қўрқиб, жим юришга мажбур бўлади, дард-аламини уйдан ташқарига олиб чиқмасликка ҳаракат қилишади.
Бу вазиятда қолган аёлларнинг мурожаат этмаслигига бир неча сабабларни келтириб ўтиш мумкин. Жумладан, баъзида ўз ҳунари ва касби бўлмаган, молиявий қарам аёллар молиявий таъминотсиз қолишдан қўрқса, бошқалари фарзандлари ва ўз ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавфсирайди. Айниқса, ҳатто энг яқин инсонлари ҳам бу муаммони ҳал қилишдан ўзини олиб қочганда зўравонлик қурбони бўлган аёллар қийин ҳолатда қолади. Натижада, бу ҳолат доимий қўрқув, депрессия, охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш кабилар билан тугайди.
Бежиз эмаски, бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлаш, уларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларнинг меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши қилиб белгиланган.
Жумладан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлса, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йил 4 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сонли Қарори ҳаётга жорий қилинди.
2020 йил 5 октябрдаги қонунга асосан МЖТКга тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахс томонидан ҳимоя ордерида кўрсатилган талабларини бажармаганлик учун БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима ёки 15 кунгача маъмурий қамоқ маъмурий жавобгарлик чораларини назарда тутувчи 2061-модда.киритилди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ишончли ҳимоя қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, суд амалиёти ва статистикаси таҳлили оилавий низолар негизида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари ҳанузгача учраётганлиги, бундай мурожаатлар сони кўпайганлигини кўрсатмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик руҳида Олий суд томонидан ушбу масалалар юзасидан судлар томонидан кўриб чиқилган фуқаролик, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар юзасидан умумлаштириш ўтказилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 29 июлдаги “Судлар томонидан 2020 йил ҳамда
2021 йилнинг 1-чорагида аёлларга нисбатан оилавий низолар негизида зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича суд амалиёти натижалари ҳақида”ги РС-49-21-сонли Раёсат қарори қабул қилинди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ кўрилган республикамиз жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2 423 нафар шахсга нисбатан 2 012 та жиноят ишлари кўрилган. Шундан, 1 629 нафар (зўравонлик ва тазйиқ ўтказган 67 %) шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган.
Бундай жиноятларни содир этганлиги учун шахсларнинг судланиш кўрсаткичи Тошкент вилоятида (273 нафар шахс 16 %), Фарғона вилояти (197 нафар шахс 12 %), Самарқанд вилояти
(158 нафар шахс 9%) ва Тошкент шаҳрида (176 нафар шахс 11 %) республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан бирмунча кўп.
Ушбу тоифадаги жиноятлар оқибатида жабрланган аёллар
2 300 нафарни ташкил қилган. Бу кўрсаткич Тошкент вилоятида (353 нафар аёл 15 %), Фарғона вилояти (398 нафар аёл 17 %), Самарқанд вилояти (228 нафар аёл 10 %) ва Тошкент шаҳрида
(225 нафар аёл 10 %) республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори.
Жабрланган аёлларнинг 1 976 нафари яъни 86 % ишсиз ҳисобланади.
Ярашувга асосан тугатилган ишлар 492 тани ташкил этган. Ўтган йилда 234 та бўлган. Жорий йилда 110 тага кўпайган.
Шунингдек, Республика жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддасида назарда тутилган “номусга тегиш” жиноятини содир этганлиги учун
99 нафар шахс судланган. Тошкент вилоятида (27 нафар шахс 27 %), Самарқанд вилояти (13 нафар шахс 13 %) ҳамда Жиззах вилоятида
(7 нафар шахс 7%) бу кўрсаткич бошқа ҳудудларга нисбатан бирмунча юқори.
Бундан ташқари, тазйиқ ўтказган, зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармасликка доир
жорий йилнинг ҳисобот даври бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасида назарда тутилган ҳимоя ордери талабларини бажармасликка оид 933 нафар шахсга нисбатан 905 та маъмурий ишлар кўрилган. Шундан, 744 нафар шахсга (79 %) жазо қўлланилган.
Республика судлари томонидан 137 млн. сўмдан зиёд маъмурий жарима қўлланилган бўлса, 349 нафар шахсга (46 %) нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бу тоифадаги ишларни кўришда, индивидуал иш бўйича эмас, балки жамоавий тарбиявий аҳамиятини таъминлаш мақсадида, уларни МФЙ идораларида сайёр судларда кўрилиши амалиёти кенг йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад эса, ҳар бир ҳолат бошқаларга сабоқ бўлиб, зўравонликка йўл қўйилишини олдини олиш.
Фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан биринчи инстанцияда 9 ойи якуни бўйича жами 362 627 та ишларни кўриб чиққан. Шундан хотин-қизларнинг даъво аризалари асосида 109 081 та иш мазмунан кўрилган (шундан, 49 151 таси ёки 45 % суд буйруғи). Ушбу кўрсаткич жами кўрилган даъво аризаларнинг 30,1 фоизини ташкил қилади.
Шунингдек, хотин-қизлар томонидан судларга тақдим этилган даъво аризаларининг 91 661 таси қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, фуқаролик судлар томонидан 9 ой мобайнида никоҳдан ажратишга доир 39 692 та иш кўрилган бўлиб, шундан 20 840 таси (53 %) қаноатлантирилган, 14 051 таси рад этилган, 3 072 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 1 729 таси бўйича иш юритиш тугатилган.
Никоҳдан ажратишга оид ишларни кўришда оилавий зўравонлик аломатлари аниқланган ҳолатларда ҲМҚОларга хабарномалар ва хусусий ажримлар чиқариб юбориш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, оилавий зўравонлик натижасида уйидан ҳайдаб чиқарилган 1 582 та ҳолатда хотин-қизларнинг даъво аризалари қаноатлантирилиб, турар жойга бўлган ҳуқуқлари тикланиб, уларни уйга киритиб қўйиш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.
Шу билан бирга, судлар ушбу аёлларнинг келгуси тақдирига ҳам бефарқ бўлмасдан, зиддиятли ҳамда носоғлом муҳитдаги оилаларда жиноятни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни ўтказиш, оила муҳитини соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ўтказиш масаласида ички ишлар органларига хабарномалар юбориш амалиёти йўлга қўйилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлиси палаталари қўшма мажлисида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттириш ҳақида”ги нутқида хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилиниши ҳақида сўзлаб ўтилди.
Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва оиладаги зўравонликдан жабр кўрганларга амалий ёрдам
кўрсатишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва ташаббусларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан доимий мониторингини таъминлаш юзасидан Олий суднинг масъул ходимларидан иборат бўлган ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ишчи гуруҳ аъзолари вазирлик ва идоралар билан белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун тезда ечим топишни талаб қилинадиган масалалар бўйича фикрлар алмашиниб келинмоқда.
Мазкур дастур лойиҳани ишлаб чиқилишида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам ўз таклифлари билан фаол иштирок этди. Хусусан, ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун жазо чораларини кучайтириш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш, тазйиқ ва зўравонлик учун қонунда белгиланган чоралар ва оқибатларини тушунтириш орқали хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида таълим муассасаларида амалдаги судьялар томонидан “суд соати” дарслари ўтказилишини тизимли равишда йўлга қўйишга ташаббус кўрсатилди.
Умуман олганда, амалга оширилаётган бу каби ишлар, дастур қабул қилиниши оилавий зўравонликдан жабр кўраётган аёлларимизнинг сезиларли даражада камайишига, жамиятимизда ушбу иллатга барҳам берилишига хизмат қилади.

 

Термиз туманлараро

маъмурий суди судьяси                                                                    Н. Бобомуратова