Жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилиш тартиб қоидалари
Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб, туман-шаҳар маъмурий судлари тугатилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларини кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларига ўтказилганлиги, Термиз туманлараро маъмурий судлари ташкил қилинганлиги муносабати билан жорий йилдан бошлаб маъмурий судлар оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларни кўриб келмоқда.
Республикамизда маъмурий судлар яқинда ташкил қилинганлиги муносабати билан маъмурий судларга жисмоний ҳамда юридик шахслар ариза талаблари билан мурожаат қилишда аризанинг шакли ва мазмунига, унга илова қилиб бериладиган ҳужжатларни тақдим қилишда тегишли тартиб қоидаларга риоя қилинмаётганлиги кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 128-моддасида аризанинг (шикоятнинг) шакли ва мазмуни баён қилинган.
Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);
4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;
5) аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.
Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли.
Ушбу кодекснинг 129-модда, аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш кўрсатилган бўлиб, аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.
130-модданинг талабига кўра, аризага (шикоятга) илова қилинадиган ҳужжатлар кўрсатилган бўлиб, аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1)белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;
11)белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини;
2)аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;
3)арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;
4)аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.
Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.
Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.
Хулоса қилиб айтганда юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда, яъни давлат божи, почта харажати белгиланган тартибда ва миқдорда тўланмаганлиги, ариза (шикоят)нинг нусхалари тегишли тартибида жавобгар ва учинчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг илова қилинмаганлиги, ариза тақдим қилишда ва бошқа талабларга риоя қилинмаганлиги судья томонидан қабул қилинган ажримга асосан аризани илова қилинган ҳужжатлар билан биргаликда аризачига қайтариб юборилишига сабаб бўлади.
Шунингдек, судья аризани қайтариш ажримида юқорида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг қайтадан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтиради.
Агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган бўлса, ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб тиклаш ҳақида асослантирилган илтимоснома билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Сурхондарё вилоят
маъмурий суди судьяси С.Халматов