Ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолияти солиқ назоратидир.
Солиқ назорати мақсадида давлат органлари, муассасалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар солиқ тўловчиларни солиқ бўйича ҳисобга олиш учун зарур бўлган маълумотларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши шарт.
Солиқ назорати мақсадида банклар ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаради. Солиқ, божхона органлари ва бошқа ваколатли органлар, прокуратура органлари ҳамда тергов органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари, ўзлари олиб бораётган солиқ текширувлари ҳақидаги ўзида мавжуд материаллар тўғрисида бир-бирини хабардор қилади. Шунингдек мазкур органлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа зарур ахборот билан алмашишни амалга оширади. Бундай хабардор қилиш тартиби мазкур органлар ўртасидаги келишувлар билан белгиланади.
Солиқ тўловчи (солиқ агенти) тўғрисида қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ушбу шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Солиқ назорати материаллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.
Солиқ назоратининг шакллари
Солиқ органлари солиқ назоратини:
1) солиқ текширувлари;
2) солиқ мониторинги шаклида амалга оширади.
Божхона органлари товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқларга нисбатан ўз ваколатлари доирасида ушбу Кодексга ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ назоратини амалга оширади.
Солиқ текширувларининг турлари
Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.
Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.
Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:
1) камерал солиқ текшируви;
2) сайёр солиқ текшируви;
3) солиқ аудити.
Камерал солиқ текшируви
Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.
Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификатсия рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади.
Камерал солиқ текшируви ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.
Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) ҳисобга олиш ҳужжатларини, тақдим этилган солиқ ҳисоботига ва ҳисобга олиш ҳужжатларига доир тушунтиришларни, шунингдек солиқ ҳамда йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда сўраб олиши мумкин.
Сўралган ҳужжатлар ва тушунтиришлар солиқ органига тегишли сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилиши керак. Сўралган ҳужжатларни тақдим этиш муддати солиқ тўловчининг ҳужжатлар тақдим этиш учун сабаблари ва зарур бўлган муддатлари кўрсатилган аризасига кўра солиқ органи томонидан узайтирилиши мумкин.
Агар солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви тугагунига қадар ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ўзгартирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.
Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.
Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Агар ўрганиш ва таҳлил қилиш якунларига кўра тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.
Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.
Солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли. Солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.
Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.
Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани солиқ тўловчига юборади.
Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.
Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Мазкур қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.
Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зиммасига солиқ ҳисоботини тақдим этиш бўйича мажбурият юклатилган солиқ агентларининг ва бошқа шахсларнинг камерал солиқ текширувларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан қўшилган қиймат солиғининг суммасини қайтариш учун ариза тақдим этилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмайди.
Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади.
Камерал солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.
Сайёр солиқ текшируви
Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.
Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.
Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.
Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.
Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.
Солиқ тўловчига сайёр солиқ текшируви далолатномасини топширилган кун сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.
Сайёр солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.
Сайёр солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.
Солиқ аудити
Муайян давр учун солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг тўғрилигини текшириш солиқ аудитидир.
Солиқ аудити солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчига (солиқ агентига) нисбатан ўтказилади.
Солиқ органлари солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календар кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади.
Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақлидир.
Йирик солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларнинг солиқ аудити Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспексияси томонидан инспексия бошлиғининг (инспексия бошлиғи ўринбосарининг) буйруғи асосида амалга оширилади.
Солиқ аудитида иштирок этиш учун бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.
Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган солиқ тўловчининг номи ва идентификатсия рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, солиқ аудитини ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.
Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.
Ушбу Кодекснинг 143-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити фақат ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин.
Солиқ тўловчи ихтиёрий равишда тугатилаётганда солиқ аудити, солиқ тўловчининг бевосита солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан кўп бўлмаган фаолиятини қамраб олиши мумкин.
Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
Солиқ аудити ўтказиш тўғрисидаги низомни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасдиқлайди.
Солиқ аудитини ўтказиш муддати
Агар ушбу Кодекснинг 142-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудити ўттиз кундан ортиқ давом этиши мумкин эмас.
Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.
Солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш
Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса — уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш асослари ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилайди.
Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ аудити ўтказилишини қуйидагилар учун ҳам узайтиришга ҳақли:
1) ушбу Кодекснинг 146-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш;
2) чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олиш;
3) экспертизалар ўтказиш;
4) чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш.
Солиқ аудити муддатини ушбу модданинг учинчи қисми 1-бандида кўрсатилган асос бўйича узайтиришга ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади.
Солиқ аудити муддатини узайтириш солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) тегишли буйруғи билан расмийлаштирилади.
Солиқ аудитининг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.
Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилган солиқ аудити тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.
Солиқ аудитини ўтказишга доир чекловлар
Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.
Солиқ назорати доирасида ҳаракатларни амалга ошириш чоғидаги баённомага қўйиладиган умумий талаблар
Солиқ назорати ҳаракатларини ўтказиш чоғида баённома тузилади. Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
1) текшириш ўтказишнинг асослари, тури ва даври;
2) амалга ошириладиган аниқ ҳаракатнинг жойи ва санаси;
3) ҳаракатнинг бошланиш ва тугаш вақти;
4) баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;
5) ҳаракатда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган ҳар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, зарур бўлган ҳолларда эса — унинг манзили;
6) ҳаракатнинг мазмуни, уни амалга ошириш кетма-кетлиги;
7) ҳаракатни бажариш чоғида аниқланган, иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар ва ҳолатлар.
Баённома ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан ўқиб чиқилади. Мазкур шахслар баённомага киритилиши ёки материалларга қўшиб қўйилиши лозим бўлган фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли.
Баённома солиқ органининг уни тузган мансабдор шахси, шунингдек ҳаракатни амалга оширишда иштирок этган ёки уни ўтказишда ҳозир бўлган барча шахслар томонидан имзоланади.
Баённомага фотосуратлар, видеоёзувлар ва ҳаракатни амалга ошириш чоғида бажарилган бошқа материаллар илова қилинади.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш чоғида текширув далолатномаси, зарур бўлган тақдирда эса солиқ назорати тадбирларининг бошқа материаллари, шунингдек ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахснинг ёзма эътирозлари ҳам ўқиб эшиттирилиши мумкин.
Ёзма эътирозларнинг мавжуд эмаслиги ушбу шахсни (унинг вакилини) текширув материалларини кўриб чиқиш босқичида ўз тушунтиришларини бериш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш вақтида тақдим этилган далиллар, шу жумладан ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсдан илгари талаб қилиб олинган ҳужжатлар, ушбу шахс солиқ текширувларидан ўтказилганда солиқ органларига тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ўрганилади.
Ушбу Кодекс талаблари бузилган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги қўшимча маълумотлар (ахборот), агар улар ушбу Кодексда белгиланган муддатлар бузилган ҳолда солиқ органига тақдим этилган бўлса ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш давомида зарур бўлган тақдирда ушбу кўриб чиқишда иштирок этиш учун гувоҳни, экспертни, мутахассисни жалб этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
Солиқ текшируви материаллари кўриб чиқилаётганда баённома юритилади.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари):
1) ўзига нисбатан текширув далолатномаси тузилган шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини содир этган-этмаганлигини;
2) аниқланган қоидабузарликлар солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатини ташкил этиш-этмаслигини;
3) шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асослар мавжуд-мавжуд эмаслигини;
4) солиқ тўловчининг эътирозлари асосланганлигини белгилайди.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд бўлган тақдирда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишдаги айбини истисно этувчи ҳолатларни ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликни юмшатувчи ёхуд оғирлаштирувчи ҳолатларни аниқлайди.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги фактини тасдиқлаш учун қўшимча далиллар олиш зарур бўлган тақдирда ёки улар бўлмаганда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини бир ойдан ошиқ бўлмаган муддатда ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақлидир.
Солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини тайинлаш тўғрисидаги қарорда бундай қўшимча тадбирларни ўтказиш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар баён этилади, уларни ўтказиш муддати ва аниқ шакли кўрсатилади.
Солиқ назоратининг қўшимча тадбирлари сифатида ушбу Кодекснинг 146 ва 147-моддаларига мувофиқ ҳужжатларни талаб қилиб олиш, гувоҳни сўроқ қилиш, экспертиза амалга оширилиши мумкин.
Солиқ назорати қўшимча тадбирларининг бошланиши ва тугаши, солиқ назоратининг ўтказилган қўшимча тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари содир этилганлиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги фактини тасдиқлаш учун олинган қўшимча далиллар, текширувчиларнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга доир хулосалари ва таклифлари ҳамда ушбу Кодекснинг моддаларига оид ҳаволалар, агар ушбу Кодексда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ушбу бузилишлари учун жавобгарлик назарда тутилган бўлса, солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчада қайд этилади.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча солиқ назоратининг қўшимча тадбирларини ўтказган солиқ органининг мансабдор шахслари томонидан бундай тадбирлар тугаган кундан эътиборан ўн кун ичида тузилиши ва имзоланиши керак.
Солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча солиқ назоратининг қўшимча тадбирлари натижасида олинган материаллар илова қилинган ҳолда ушбу қўшимча тузилган санадан эътиборан уч кун ичида ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахсга (унинг вакилига) имзо қўйдириб берилиши ёки у олинган сана тўғрисида далолат берувчи бошқа усулда топширилиши керак.
Агар ўзига нисбатан текширув ўтказилган шахс (унинг вакили) солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимчани олишдан бош тортса, бундай факт текширув далолатномасига доир қўшимчада акс эттирилади. Бундай ҳолда солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча ташкилотнинг (алоҳида бўлинманинг) жойлашган ери ёки жисмоний шахснинг яшаш жойи бўйича почта орқали буюртма хат билан юборилади ва буюртма хат юборилган санадан эътиборан бешинчи кунда қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ўзига нисбатан солиқ аудити ва (ёки) сайёр солиқ текшируви ўтказилган шахс (унинг вакили) солиқ текшируви далолатномасига доир қўшимча олинган кундан эътиборан ўн кун ичида текширув далолатномасига доир бундай қўшимча бўйича умуман ёки унинг алоҳида қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судя катта ёрдамчиси З.Темиров