Баданга оғир тан шикаст етказиш жинояти тушунчаси, жавобгарлик асослари ва уни олдини олиш чоралари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасига кўра, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
Бугунги кунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида қаралар экан унинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қилинган ҳар қандай тажовуз жиноий жавобгарлик сифатида баҳоланиб, бу қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги таъминланади.
Инсонни ҳаётига суиқасд қилиш орқали унинг яшашга бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилиш бевосита қасддан ва эҳтиётсизлик орқали содир этилиши сабабли жавобгарлик ва жазо масаласи ҳам ушбу жиноятнинг содир этилиши мотив ва мақсадига боғлиқ равишда баҳоланади.
Инсон соғлиғига қарши тажовуз, жумладан соғликка етказилган тан жароҳатлари оғирлик даражасига кўра бир неча турга бўлиниб, улар енгил, ўртача оғир ва оғир тан жароҳатлари бўлиб, ушбу оғирлик даражалари судга оид тиббий экспертиза хулосалари асосида аниқланади.
Инсон ҳаётига тажовузнинг барча шакллари, хусусан қасддан одам ўлдириш, эҳтиётсизлик орқали одам ўлдириш ва баданга тан жароҳатлари етказишга оид барча турдаги жиноят ишлари жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас»лиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Фуқароларнинг соғлиғи ёки жисмоний дахлсизлиги ҳуқуқнинг турли соҳалари нормалари орқали, уларнинг ўзига хос воситалари билан, жумладан, жиноят қонуни томонидан фуқаролар соғлиғига турли хилдаги тажовузларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган нормалар орқали ҳам қонунга хилоф хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилинади.
Баданга шикаст етказиш деб топилиши мумкин бўлган соғлиққа зарар етказилишининг чегараларини аниқ белгилаш ва уни бошқа зўравонлик тажовузларидан фарқлаш (ажратиш) имконини берадиган иккита объектив мезон асос қилиб олинган ва бу мезонлар қуйидагилардир:
1) одам танаси аъзолари ва тўқималарининг анатомик бус-бутунлиги ёки бир меъёрда ишлаб туришининг бузилганлиги;
2) суд тиббий экспертизаси ёрдамида одам соғлиғига етказилган зарарнинг оғирлиги ва даражасини аниқлаш имконини берадиган зарарнинг етказилганлиги.
Баданга шикаст етказишни ўзга кишининг соғлиғига унинг хоҳишига зид равишда, ташқи муҳит омиллари таъсири остида тўқималар ёки аъзоларнинг анатомик бус-бутунлиги ёки физиологик функциялари бузилишига сабаб бўлган ғайриқонуний зарар етказиш, деб таърифлаш мумкин.
Баданга шикаст етказадиган ҳаракатлар жуда хилма-хил бўлиб, уларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1) жисмоний (механик, термик, электрик ва ҳ.к.) таъсир кўрсатиб баданга етказиладиган шикастлар;
2) организмга кимёвий ёки биологик фаол воситалар билан таъсир кўрсатиш (турли кислоталар, заҳарли моддалар, газлар ва ҳ.к.дан фойдаланиш) йўли билан баданга етказиладиган шикастлар;
3) руҳий таъсир кўрсатиш йўли билан баданга етказиладиган шикастлар.
Бу оқибатлар қонунда:
1) ҳаёт учун хавфнинг мавжудлигини ёки йўқлигини;
2) соғлиққа етказилган зарарнинг оғирлиги даражасини;
3) умумий меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини ҳисобга олиб таснифланади.
Жиноят кодексида юз берган оқибатларга қараб баданга оғир (ЎзР ЖК 104-моддаси), ўртача оғир (ЎзР ЖК 105-моддаси) ва енгил (ЎзР ЖК 109-моддаси) шикаст етказганлик учун дифференциалаштирилган жавобгарлик назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикасининг ЖК 17-моддасида баданга шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг минимал ёши белгиланган. Қасддан баданга оғир шикаст етказганлик (ЖК 104-моддаси), қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказганлик (ЖК 105-моддаси), кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказганлик учун (ЖК 106-моддаси) жиноятни содир этгунга қадар ўн тўрт ёшга тўлган шахслар жавобгар бўладилар.
Жиноят ҳуқуқи ва суд тиббиёти фанлари томонидан баданга етказиладиган шикастларнинг оғирлик даражасини аниқлаш мезонлари ишлаб чиқилган. Улар жумласига:
1) шикастларнинг ҳаёт учун хавфлилиги;
2) соғлиққа етказилган ҳақиқий зиён;
3) меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси;
4) эстетик мезонлар киради.
Ҳаёт учун хавфли шикастлар деганда, жиноятчи томонидан содир этилаётган пайтида жабрланувчининг ҳаёти учун хавф туғдирувчи шикастларни етказиш тушунилади, бундай шикастларга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган шикастлар киради.
Соғлиққа реал (ҳақиқий) зарар етказиш шахснинг соғлиғига турлича шикаст етказиш ёки соғлиқнинг муайян муддатга издан чиқишида ифодаланади.
Меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси фоизларда аниқланади ва етказилган шикаст меҳнат қобилиятининг қисман ёки бутунлай йўқотилишига сабаб бўлади.
Баданни тузалмайдиган қилиб хунуклаштириб юборишда намоён бўладиган эстетик мезон ўзига хос хусусиятга эга. Бунда етказилган шикаст натижасида жабрланувчи баданининг хунуклашганлиги унинг руҳан эзилишига олиб келади. Шикастнинг оғирлиги оқибат-натижада, аввало, жабрланувчининг бадани хунуклашгани сабабли бўладиган руҳан эзилишлари билан боғлиқдир.
– Тиббий мезон баданга етказиладиган барча турдаги шикастларни содир этилган пайтида жабрланувчининг ҳаёти учун хавфлилиги нуқтаи назаридан тавсифлайди, тўқималар ёки инсон аъзолари функцияларининг бузилиши даражаси ва хусусиятини, етказилган шикастнинг давомлилиги ва организмга таъсирини аниқлайди.
– Иқтисодий мезон жабрланувчи меҳнат қобилиятини йўқотилишининг фоизларда ифодаланган даражасини ҳисобга олган ҳолда баданга етказилган шикастни тавсифлайди.
Баданга шикаст етказиш, ЎзР ЖК 104-моддасида назарда тутилган аломатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлса, оғир деб топилади.
Баданга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказиш.
Бу баданга шикаст етказишнинг энг кўп тарқалган турларидан биридир. Бундай шикастлар одатда ўлим билан тугайди ёки жабрланувчининг ҳаётига бевосита хавф туғдиради.
Бирор-бир оқибат юз беришидан қатъий назар, ҳаёт учун хавфли шикаст етказилган пайтдан жиноят тугалланган ҳисобланади ва жиноий жавобгарлик вужудга келади.
Ҳомиланинг тушиши.
– Ҳомиланинг тушиши оғир тан жароҳатлари жумласига киради, чунки унинг ҳатто тиббиёт муассасасида тушиши ҳомиладор аёлнинг соғлиги ёки ҳаёти учун хавфлидир.
Ҳомила зўрлик ишлатилиши натижасида тушганида эса, бу хавф янада ошиб кетади. Бундан ташқари, ҳомиланинг тушиши натижасида аёл оналикдан маҳрум бўлади, ҳомила нобуд бўлади, ҳаёт узилади, аёл вужудига оғир зиён етади. Бундай қилмиш туфайли аёлга жиддий маънавий, руҳий зиён етказилади ва бу ҳол унинг руҳиятига салбий таъсир қилади. Ҳомиланинг тушиши нафақат жисмоний, балки руҳий зўрлик ишлатиш (ҳужум туфайли қаттиқ қўрқиш, чўчиш ва ҳ.к.) натижасида ҳам содир бўлиши мумкин.
Баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиши.
Бу аломатни эстетик хусусиятга эга дейиш мумкин. Аксарият ҳолларда етказилган шикаст оқибатида баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиши соғлиққа жиддий зарар етказмаса-да, у одамни жуда бадбашара, хунук қилиши натижасида жабрланувчи маънавий қаттиқ азоб чекади.
Баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашиши деганда тананинг айрим қисмлари (қулоқ, бурун ва лаблар)нинг олиб ташланиши ёки юзнинг нотекис бўлиб қолиши, мимиканинг бузилиши, юзда чуқур чандиқлар, тиртиқлар қолиши, қалтироқнинг пайдо бўлиши ва ҳ.к. тушунилади.
Баданнинг хунуклашиши, башарти тузалмайдиган бўлса, оғир тан жароҳати деб топилади.
Тузалмайдиган хунуклашишнинг тиббий мезонини тасдиқлаш суд-тиббиёт эксперти ваколатига киради.
ЎзР ЖК 104- моддасида баданга оғир шикаст етказилганлик натижасида руҳий касалга чалиниш кўрсатиб ўтилган, бунда жабрланувчи одатда ўзи қилаётган ҳаракатларнинг хусусиятини англаш қобилиятини йўқотади ва одамлар билан мулоқот қилишдан маҳрум бўлади.
Гарчи баданга етказилган шикаст ҳаёт учун хавфли бўлмаса ёки аъзо ишдан чиқмаса-да, жабрланувчи умуман соғлиқнинг бузилиши натижасида меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмини доимий йўқотса баданга оғир шикаст етказиш деб ҳисобланади.
Меҳнат қобилиятининг йўқотилиши турғун бўлиши керак: дейилганида меҳнат қобилиятини доимий ёки номуайян узоқ муддатга йўқотилиши тушунилади.
Баданга оғир шикаст етказганлик учун жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар
ЖК 104-модда 2-қисмида қуйидаги оғирлаштирувчи ҳолатлар:
1) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
2) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг қариндошларига нисбатан;
3) ўта шафқатсизлик билан;
4) оммавий тартибсизликлар жараёнида;
5) тамагирлик ниятида;
6) миллатлараро ёки ирқий адоват замирида;
7) диний таассублар замирида;
8) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида;
9) бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан содир этилган баданга оғир шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланган.
ЎзР ЖК 104-моддаси 3-қисмида:
1) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
2) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 97-моддасида назарда тутилган тарзда қасддан одам ўлдирган шахс томонидан;
3) ўта хавфли рецидивист томонидан;
4) уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган;
5) жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга шикаст етказганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2 ва 3-қисмларида кўрсатилган жавобгарликни оғирлаштирувчи барча ҳолатларни ҳаётга қарши жиноятларни таҳлил қилиниб, кўриб чиқилган.
Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш аввало жабрланувчига оғир тан жароҳати етказишни кўзда тутади, яъни қилмишни бундай деб топиш учун ЖК 104-моддасида кўрсатилган аломатлардан камида биттаси мавжуд бўлиши керак. Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган зарбалар берилган, у дўппосланган, баданига енгил шикастлар етказилган ҳолларда, айбдорнинг қилмиши ЎзР ЖК 102-моддаси (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) билан квалификация қилинади.
Агарда жабрланувчининг баданига у ёки бу ҳолатлар оқибатида унинг ўлимига сабаб бўладиган ўртача оғир шикастлар етказилган бўлса, айбдор ЖК 105-моддаси ва 102-моддасига кўра жиноятларнинг жами бўйича жавобгар бўлади.
Қасддан одам ўлдиришда бўлгани сингари айбдорнинг қилмишини ЖК 104-моддаси 3-қисми билан квалификация қилиш учун баданга етказилган оғир шикаст ва юз берган ўлим ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги аниқланади.
Мазкур жиноятларни фарқлаш учун жабрланувчининг ўлими юз берган вақт эмас, балки айбдорнинг юз берган оқибатларга руҳий муносабати ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
ЖК 104-моддаси 3-қисмида жавобгарлик белгиланган жиноятнинг субъектив томони ўзига хослиги билан ажралиб туради ва баданга етказилган шикаст ва юз берган ўлимга нисбатан айбни алоҳида-алоҳида аниқлашни талаб қилади, яъни бу ерда айбнинг мураккаб шакли мавжуд бўлади.
ЖК 104-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноят мураккаб, таркиблидир. Бу ерда иккита жиноят – қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва эҳтиётсизликдан одам ўлдириш битта таркибга бирлаштирилган. Шу муносабат билан, башарти айбдор шахснинг баданга оғир шикаст етказиши тўғри ёки эгри қасд билан содир этилган ва эҳтиётсизликдан ўлим рўй берган бўлса, бунда унинг қилмиши жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган баданга оғир шикаст етказиш сифатида ЖК 104-моддаси 3-қисми билан квалификация қилинади.
Демак, баданга жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш ва қасддан одам ўлдириш таркибларини фақат айбдор қасдининг мазмуни ва йўналишига қараб фарқлаш мумкин.


Жиноят ишлари бўйича
Бандихон туман суди раиси                                 М.Э. Абдимўминов