Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки ҳимоя чораларини кўриш асослари.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддасида дастлабки ҳимоя чораларини кўриш асослари белгиланган бўлиб, ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича суд,  агар:

1) маъмурий ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатларини кўзлаб ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;

2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чораларни кўрмасдан туриб ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.

Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шарт.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Қуйидагилар дастлабки ҳимоя чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

2) бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

3) мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;

4) маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;

5) жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.

Ариза (шикоят) билан бирга берилган дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза суд мажлиси чоғида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилиши керак.

Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

Вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси
С.Холматов.