Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли фармонни мазмун-моҳияти тўғрисида.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, шунингдек, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармони қабул қилинди.Мазкур Фармонга кўра, бир қатор устувор мақсадлар белгиланди.
Ушбу мақсадлардан бири сифатида “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилиши, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилиши, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмаслиги ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиши, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилиши, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланиши ва тўланиши, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилиши, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилиши белгиланди.
Фармонда 2025 йил якунига қадар, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида «Рақамли суд» концепцияси асосида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлиси заллари ташкил этилиши, тажриба натижалари асосида «Рақамли суд» концепциясини
2026 — 2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилиши назарда тутилган.Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши судларда сунъий интеллект технологияларининг жорий этилишига, рақамлаштириш ишларининг изчил давом эттирилишига, уларнинг моддий-техник таъминотини янада яхшиланишига, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд биноларига ташриф буюриш билан боғлиқ харажатлари ва бошқа оворагарчиликларининг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси
С.Халматов






