ТАЪЛИМ ФАЛСАФАСИ

Институтда ўқиб юрган кезларимда “Тадбиркорлик асослари”, “Иқтисодиёт назарияси” каби фанлар ўқитилган эди.

Мақтаниш эмасу аммо институтда яхши ўқиганман, лекин мана шу иккала дарсдан фақат иқтисодиёт назариясини илк марта ишлаб чиққан одам Адам Смит эканлиги эсимда қолган, холос.

Домламиз ўртамиёна кийинган, кекса бир киши эди, дарсни амал-тақал қилиб ўтар эди, аслида қандай тадбиркор бўлиш, пул топиш тўғрисида маъруза ўтса-да, унинг ўзи кунини зўрға кўраётганлиги, у ойликдан бу ойликка бир амаллаб етволиб яшаётганлиги билиниб турар эди.

Табиий-ки, дарснинг эффекти ҳам шунга яраша эди, очиғи, ҳеч ким унинг маърузасини эшитмас, ёшининг ҳурматидан талабалар худди дарсни эшитаётгангандек жим ўтиришар эди.

Шуни айтмоқчиман-ки, ҳар қандай дарс реал ҳаёт билан боғланмас экан, унинг самараси нолга тенг.

Тадбиркорликдан дарс бераётган домланинг ўзи биринчи навбатда тадбиркор бўлиши керак.

Бизнинг катта хатоларимиздан бири фарзандларимизни пул топишни ўргатишга ҳеч қандай эътибор бермаймиз, мактабларда фақат шоиру алломалар ёки санъаткорлар билан эмас, балки ўша мактаб жойлашган ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилмаймиз, уларнинг суҳбатини олмаймиз, уларнинг тажрибасини ўқувчиларга ўргатмаймиз, айримларимиз ҳалиям собиқ Иттифоқдан қолган “бойлик ёмон”, деган нотўғри ақида билан яшаяпти.

Биласизми, ҳар битта маҳаллада ўзининг “бойи” ёки “бойлари” бўлади, ҳар кун ўша бойнинг қимматбаҳо машинасида у ёқдан бу ёққа ўтганини кўрасиз, ҳатто фарзандингиз кўчада кетаётиб “дада, анави чиройли машина кимники?” ёки “дада Сиз ҳам шунақа машина оласизми?”, сингари асабни бузадиган саволлар ҳам берган бўлса керак, албатта.

Ана ўша бой – аслида тадбиркор, пулни пулга уриштириб юради, тиним билмай ишлайди, энди тасаввур қилинг: шу тадбиркор мактабнинг ҳовлисига энг қиммат машинасида тантана билан кириб келсин, болалар кўриб “фалончи бой мактабимизга келди”, деб оғзи ланг очилиб қолсин, ўша “фалончи бой” ўқувчиларга ҳаётий “мастер-класс” дарсларини ўтсин.

Қандай қилиб тадбиркорликни бошлагани, омади келмагани, қандай қилиб банкрот бўлгани, қандай қийинчиликларни бошидан ўтказгани, ишлари юришиб кетиб дастлабки пулларини қандай топгани ҳақидаги хотиралари билан, ҳозирги фаолияти билан ўртоқлашсин.

Ишончим комилки, бундай амалий дарслар ўзининг самарасини албатта беради.

Сурхондарё вилоят маъмурий
суди бош консультанти Ж.Бобоев