Коррупсия — жамият тараққиётига энг катта таҳдид.

Коррупсия — жамият тараққиётига энг катта таҳдид

Коррупсия бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатларида учрайдиган, жамият ривожига жиддий зарар етказувчи иллатлардан биридир. У давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа муҳим соҳаларда адолатсизликни кучайтириб, халқнинг давлатга бўлган ишончини сусайтиради. Коррупсия мавжуд бўлган жамиятда қонун устуворлиги заифлашади, тенглик ва адолат тамойиллари бузилади.

Коррупсиянинг жамиятга таъсири

Коррупсия, аввало, иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Инвесторлар адолатли ва шаффоф тизим бўлмаган жойга сармоя киритмайди. Натижада янги иш ўринлари камаяди, аҳоли фаровонлиги пасаяди. Шунингдек, коррупсия ижтимоий тенгсизликни кучайтириб, камбағал ва бой қатлам ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштиради.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги коррупсия эса жамият келажагига бевосита зарар етказади. Билим пора эвазига баҳоланган, шифокорлар виждон эмас манфаат билан ишлаган муҳитда соғлом ва билимли авлодни тарбиялаш қийинлашади.

Коррупсияга қарши кураш — умумий масъулият

Коррупсияга қарши кураш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол бўлиши зарур. Энг аввало, коррупсияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши керак. “Майда пора”, “ҳамма шундай қилади” каби қарашлар коррупсиянинг илдиз отишига сабаб бўлади.

Давлат даражасида эса қонунларнинг аниқ ва қатъий ижроси, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳим. Электрон хизматлар, очиқ бюджет, эркин оммавий ахборот воситалари коррупсияни камайтиришда самарали восита бўла олади.

Ёшлар ва таълимнинг ўрни

Коррупсияга қарши курашда ёшларнинг роли беқиёс. Ҳалоллик, адолат ва ватанпарварлик каби қадриятлар болаликдан сингдирилса, келажакда коррупсияга мойил бўлмаган авлод шаклланади. Таълим муассасаларида коррупсияга қарши маданиятни тарғиб қилиш, очиқ ва адолатли баҳолаш тизимини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Суд ходимларининг коррупсияга қарши масъулияти ва қонун устуворлиги

Бугунги кунда коррупсияга қарши кураш Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, суд ҳокимияти тизимида фаолият юритувчи ходимларнинг ҳалоллиги, виждони ва қонунга садоқати жамиятда адолатни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки суд — адолат маскани бўлиб, бу тизимда коррупсияга мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.

Қонунчиликда коррупсияга қарши талаблар

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, коррупсия — мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ноқонуний хатти-ҳаракатдир. Мазкур қонунда барча давлат органлари ходимлари, жумладан суд тизими ходимлари учун ҳам коррупсиянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва қонунийликка қатъий риоя этиш мажбурияти белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қонун устуворлиги ва фуқароларнинг қонун олдида тенглиги кафолатланган. Судялар ва суд ходимлари ушбу конституциявий тамойилларнинг амалда таъминланиши учун шахсий намуна кўрсатиши лозим.

Президентимизнинг коррупсияга қарши қатъий позитсияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти коррупсияга қарши ўтказилган кўплаб йиғилиш ва мажлисларда бу иллатни давлат ва жамият ривожига жиддий тўсиқ бўлаётган энг хавфли муаммо сифатида алоҳида таъкидлаб келмоқда. Давлат раҳбари ўз чиқишларида “коррупсия — ислоҳотлар кушандаси”, “ҳалоллик бўлмаса, ҳеч қайси соҳада ривож бўлмайди”, деган мазмундаги фикрларни бир неча бор қайд этган.

Шунингдек, Давлатимиз рахбарининг 5-март куни Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, ўз нутқиларида коррупсия ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлаб, Шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилганлиги, Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилинганлиги, ҳамда энг муҳими, жамиятда коррупсия муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилиб, Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб борганлигини такидлаб ўтдилар.

Президентимиз суд-ҳуқуқ тизими ҳақида сўз юритар экан, суд ходимларининг поклиги ва мустақиллиги фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини белгилаб беришини алоҳида урғулаган. Суд тизимида ишловчи ҳар бир ходим коррупсияга қарши курашни ўзининг кундалик хизмат вазифасининг ажралмас қисми деб билиши лозимлиги таъкидланган.

Суд тизимида ҳалоллик — адолат кафолати

Суд ходими учун энг муҳим мезон — бу виждон ва қонунга содиқликдир. Ҳар қандай пора, таниш-билишчилик ёки манфаатдорлик ҳолати нафақат қонунбузарлик, балки суд ҳокимияти нуфузига путур етказувчи оғир хатти-ҳаракат ҳисобланади. Шу боис суд ходимлари ҳар бир ишни кўриб чиқишда холислик, адолат ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиши шарт.

Президентимиз таъкидлаганидек, “агар адолат суддан бошланмаса, жамиятда ишонч бўлмайди”. Бу фикр суд тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим учун масъулият ва огоҳлантириш вазифасини ўтайди.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, коррупсия — бу фақат ҳуқуқий муаммо эмас, балки маънавий-ахлоқий муаммодир. Уни енгиш учун қонунлар, назорат ва жазодан ташқари, жамият онгини ўзгартириш зарур. Ҳар бир фуқаро ҳалол бўлишни ўзидан бошласа, коррупсиясиз, адолатли ва тараққий этган жамиятни барпо этиш мумкин.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

 иш юритувчиси Абдихалиқова Сухайло