Референдум ва унинг аҳамияти ҳақида конституциядаги нормалар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади
Конституциянинг сиёсий ҳуқуқлар бобида, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Конституциямизнинг 93-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколати ҳисобланади ва бу тадбирнинг аҳамияти юқорилигини кўрсатади.
Шу ўринда референдум тушунчасига тўхталсак. Референдум – лотинча сўз бўлиб, бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали фикрларини бевосита билдиришидир. Умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиниши ёки давлат аҳамиятига молик масалалар ҳал этилиши мумкин.
Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси тарихида 5 марта референдум ўтказилган, дастлаб, 1991 йил 17 март куни СССРни янги кўринишдаги федератсия сифатида қайта ташкил этилиши бўйича (95.4%), сўнг, 2-маротаба 1991 йил 29 декабр куни Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги бўйича овоз берилган (98.26%), бир вақтни ўзида Ўзбекистон Респпубликаси Президенти сайлови бўлган ва унда мамлакатимизнинг биринчи президети бўлган И.А.Каримов ғалаба қозонган.
3-маротаба 1995-йил 26 март куни Президент ваколатларини узайтириш (2000 йилгача узайтирилган) юзасидан (99.6%), иккинчиси 2002 йил 27 январ куни бўлган, унда Президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтириш (91.7%) ва 2 палатали парламент жорий этиш масаласи кўрилган (93.6%).
Сўнги референдум 2023 йил 30 апрел куни ўтказилди ва унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги тахрири қабул қилинди.
Дастлабки “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги 471-ХИИ-сонли қонун 18.11.1991 йилда қабул қилинган. 2001 йил 30 август куни “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 265-ИИ-сонли қонуни билан янги тахрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган. Ушбу қонун 8 та боб ва 42 та модда иборат.
Референдумни ўтказиш ташаббуси билан: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Олий Мажлисининг палаталари ва Президенти чиқиши мумкин.
Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.
Референдум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлган тақдирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин.
Қонунга асосан, референдумга қўйилаётган масаланинг матни референдум тайинланганда маъқулланади.
Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши ҳамда референдумга қўйилиши демократик жамиятларга хос хусусиятдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, халқчил бўлган ва унинг иродасини ифода этадиган янги тахрирдаги қомусимиз тараққиётимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судяси, Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ўқитувчиси Н.С.Бобомуратова