МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА КЎРИШ.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жамиятимизда “Қонун – устувор, жазо муқаррар” деган муҳим принципни таъминлаш, суд, прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура тизимини такомиллаштириш, уларни том маънода инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоячисига айлантириш бўйича салмоқли ишлар қилиняпти.

Бугун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили асосида кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилмоқда. 2023 йилнинг   25-декабр куни “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунининг қабул қилиниши ҳам тизимдаги янгиланишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирилди.

Хусусан, суднинг қарори, ажрими устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллятсия ёки кассатсия тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилди. Бунда биринчи инстанция судининг қарор ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апеллятсия ёки кассатсия тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади. Энди юқори инстанция судларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибининг бекор қилинаётгани ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суд Пленумининг 2024-йил 25-июндаги “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғриси” даги №22-сонли қарори тафтиш инстанциясида иш юритишга оид амалиётда келиб чиқаётган саволлар ва ечим талаб қилаётган масалалар бўйича тушунтиришлар бериб ўтилган. Пленум қарорида тафтиш инстанциясига оид барча муаммолар ёритилиб берилган бўлиб, бу барча судларда амалиётни бир ҳиллаштиришда жуда катта аҳамият касб этади.  Мазкур Пленум қарорини кенг ёритиш мақсадида, судялар ва суд ҳодимлари, прокуратура, адвокатура ва бошқа давлат органлари мутасадди ходимларига семинарлар ташкил қилинмоқда. Тафтиш инстанцияси ҳозирги давр талабидан келиб чиқган  одил судлов тизимидаги керакли ва кенг кўламадаги ислоҳотларимиздан биридир.

Сурхондарё вилоят Маъмурий суди

Судя катта ёрдамчиси.

З.Темиров