Энди давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади!

Аннотация: Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга фаровон ҳаёт барпо этиш, шунингдек, буларнинг барчасини қонунчилик орқали мустаҳкамлаш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу мақола орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кимга ва қачон амалга оширилиши тадқиқ этилади. 
Калит сўзлар: юридик ёрдам, давлат ҳисобидан юридик ёрдам, адвокатлар реестри, кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, ҳимоя ҳуқуқи.
Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 30 апрель куни мамлакат миқёсида референдум бўлиб ўтди. Халқимиз ўз ҳуқуқ ва бурчларидан фойдаланган ҳолда референдумда иштирок этиб, Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини маъқуллаб овоз берди. Конституцияда ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. 
Биламизки, қонун ва қонуности ҳужжатлар Конституцияга мувофиқ бўлиши лозим. Конституция нормалари қонунчиликда акс этишини 2023 йил 16 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунида яққол кўришимиз мумкин. Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам нима эканлиги белгиланган бўлиб, ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам тушунилиши белгиланган.      Қонуннинг 8-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилиши белгиланган бўлса, 9-моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар санаб ўтилган:
 1) кам таъминланган шахслар, агар улар: фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар; маъмурий ишлар бўйича аризачилар; маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар; жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
Ушбу Қонунинг 11-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларни ташкил этади:
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу Қонун 9-моддасининг
1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидагилар ҳақидаги ишлар бўйича кўрсатилади:
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги;
ишга тиклаш ҳақидаги;
иш ҳақини ундириш тўғрисидаги;
алиментларни ундириш ҳақидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:
ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.
Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.
 Шунингдек, Қонуннинг 16-моддасига кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида махсус ваколатли давлат органига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг паспортига оид маълумотлар (идентификацияловчи ID-карта);
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда — жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ариза руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда — психиатрия ёрдами кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
ариза ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан берилган тақдирда — хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.
Ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ахборот махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви доирасида мустақил равишда электрон шаклда олиниши мумкин.
Авваллари кимнинг моддий имкони бўлса, малакали юридик ёрдам хизматидан фойдаланиши мумкин эди. Қонунчиликдаги ушбу янгилик, айниқса, фуқароларнинг судларга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқларининг қонуний ҳимоя қилинишига, ишнинг судгача ва суд босқичларида ҳимоя ҳуқуқи таъминланишига, адвокатларнинг фаолиятида самарадорликларга эришишга имкон яратади, дейиш мумкин.  

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова