Ватанимни севмаганлар , биздан эмасдирлар

Ватанни онага қиёслашган, инсон энг аввало уни дунёга келтирган онасига меҳр қўяди. Чунки она уни авайлаб, азиз қилиб вояга етказади.
Фарзанд ақлини таний бошлагач, унда одамлар ва жамиятга нисбатан, ўзи туғилиб ўсган диёр-Ватанга нисбатан муҳаббат шаклланади.
Буюк фан арбоби Абдурауф Фитрат “Ватан-у менинг жону таним, у саждагоҳимдур. У менинг тўлин ойим, тинч-омонлигим, иззатим, шарафим. Каъбам, қиблам ҳамда гулистонимдир” деган эди.
Кишининг ўзи таваллуд топган тупроғи, эл-юртига садоқати одамийликдир.
Ҳар қайси касб эгаси жамиятимизда одамлар бахтли яшашига ўз ҳиссасини қўшиши, ҳар ишда холислик, ҳалоллик ва садоқатни намоён қилиши ватанпарварликнинг энг ёрқин кўринишидир.
Судья ўзининг халқига садоқати билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.
Ватан ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати шу кишининг ватанидир.
Абдулла Авлоний “Киши юртига султон бўлгунча, ўз юртингда чўпон бўл” деган.
Ўзингизга душманлик қилган кишини афв этинг, лекин Ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирманг.
Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч кимни сева олмайди.
Ватани борнинг бахти бор, Меҳнати борнинг-тахти бор.
Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди.
Халқимиз адолатни тараққиётнинг таянч нуқтаси деб қараб, уни “Ҳалоллик”, “инсонпарварлик”, “ор-номус” тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тушунган.
Адолатли кишилар ўзига лойиқ кўрмаган бир ишни ўзгаларга раво кўрмайди.
Киши адолатни ёлғиз ўзини бузуқ ишлардан сақлаш билан эмас, балким, оиласини, фарзандларини яхши йўлга йўналтириб, адолатни амалга оширади.
Адолатлилар ҳеч кимга жабр қилмайди. Жонзотларга озор бермайди.
Давлат ва миллатни тараққиёти, узоқ яшаши адолатдан боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбари, адолатни Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши, давлат ва жамият олдида турган энг устувор вазифа деб белгиланган. Адолат янги жамиятнинг асосий мақсадига айланади.
Адолат билан маънавият тушунчаси ҳамиша ёнма ён туради.
Адолатни қарор топтиришга масъул бўлган ҳар бир судьянинг маънавияти бой бўлиши лозим. Судья юксак маънавиятга эга бўлган инсон бўлиши керак. Зеро маънавияти юксак, иродаси мустаҳкам инсон адолатсизликка йўл қўймайди.
Маънавияти юксак судьянинг қиёфаси қуйидагиларга намоён бўлади:
-У адолат тарозисини қўлида маҳкам ушлаган ҳолда ўз вазифасини беғараз бажаради;
-қасамёдига содиқ қолади;
-судьялик этикасига оғишмай амал қилади;
-одоб-ахлоқли бўлиб, интизомга қатъий риоя қилади.
-ватанига садоқатли; ҳалол,қонунни ҳурмат қилади;
-халқининг олдида доимо қарздорликни, шахсан жавобгарликни ва масъулиятни ҳис қиладиган инсондир.
Фақат ана шундай фазилатларга эга бўлган судья ҳақиқий адолат посбони бўла олади.
Соҳибқирон Амир Темур тузукларида “Софдил кишилар, олимлар, бечоралар ва фозилларга даргоҳим доимо очиқ, иш билган, шижоатли эр йигитларни қошимда тутдим, нафси ёмон, ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ, ўз манфаатларини устун қўядиганларни, қўрқоқларни ҳаттоки, мажлисларимга ҳам йўлатмадим” деган.
Судья ватанпарвар, адолатли ва сабр-тоқатли бўлиб, раҳбар ва ёши катта инсонларга ҳурмат, кичикларга иззатли бўлиши талаб этилади.
Маънавий тарбияда икки муҳим жиҳат бор: бири-нималарнидир амалга оширишга ундаш, иккинчиси-нималардандир тийиш.
Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб, ундан устун қилиб турадиган бу маънавиятдир.
Иймон, сабр, қаноат, орият, виждон, фидойилик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, уддабуронлик, садоқат, мардлик, билимдонлик, ҳалоллик, поклик, вафо, андиша в.ҳ. инсонни эл-юрт олдида обрўйи, ҳурматини оширади.
Одам борки, одамларнинг нақшидур,
Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур.
Иллатлари кўпайган инсонлардан ҳайвон яхши эканлигини таъкидлайди.
Киши маънавиятли бўлиши учун икки муҳим вазифани бажариши зарур:
1. У ўзида жами эзгу жиҳатларни шакллантириши зарур;
2. У барча иллатлардан қутулиб, уларни ўзига юқтирмасликка ҳаракат қилиши лозим.
Киши феъл-атворидаги хато ва камчиликлардан ёшлик чоғидаёқ фориғ бўла бориши зарур, акс ҳолда, у шу ёмонликларга ўрганиб қолади. Улардан қутулиш жуда оғир кечади.
Жамиятни маънавият бошқаради
Маънавият-бу инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб, устун қилиб турадиган жамики фазилатлар мажмуи.
Фазилатлар сўзи ўрнига хусусиятлар сўзини ишлатиш мумкин эмас. Чунки хусусиятлар тушунчаси иккига-ҳам фазилатлар, яъни яхши хусусиятлар, ҳам иллатлар, яъни ёмон хусусиятларга бўлинади.
Маънавият- инсоннинг ички маданияти, маънавият-илоҳий нур, маънавият эзгуликка ундовчи кучдир.
Маънавиятга маъно жиҳатидан яқин келадиган “маърифат”, “маданият”, цивилизация” тушунчалари ҳам мавжуд.
Иқтисод -тана, маънавият- руҳ
“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, деди Давлатимиз раҳбари.
Биз янги Ўзбекистон барпо этишга иккита мустаҳкам устунга таянамиз:
1. Бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт
2. Аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.
Моддий ва маънавий қашшоқликдан қутулиш
Моддий ва маънавий қашшоқлик ўртасида тиғиз алоқадорлик бор.Камбағаллик барҳам топган сари маънавий қашшоқликнинг ҳам томири кесила боради.Чунки қорни тўқ одамнинг қулоғига маънавият яхшироқ сингади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси                                                                                  Х.Рахимова