ОШКОРАЛИК ВА ОАВ ВАКИЛЛАРИНИНГ СУД ЖАРАЁНЛАРИДА ИШТИРОКИ

Баъзида жамоатчилик учун баландпарвоз бўлиб кўринган сўзлар аслида ҳаётдаги олтин қоидалардан бири бўлиши шарт. Масалан, ошкоралик. Бу ҳолат судда иш кўриш учун энг муҳим принципдир. Кўпинча фуқароларнинг қонунларни билмаслиги ҳаётда “депсиниш” ҳолларига олиб келади. Ҳуқуқ ва мажбуриятларни билмаслик туфайли гўё ҳақиқатни айтиш учун ҳеч бир “эшик” очилмайди, минбар топилмайди. Бу борада биринчи галда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёнинг сўзларига эътибор бериш кифоя. Юрт раҳбари давлат сиёсатининг асосий йўналишига “Ошкоралик ва сўз эркинлиги – бу давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби ” дея таъриф берганлар.
Аслида ошкоралик бу одил судловнинг демократик процессуал шакли ҳисобланиб, қонунийликни амалга ошириш ҳамда процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим юридик кафолат вазифасини бажаради. Тўғриси, суд ҳокимиятининг учинчи мустақил ҳокимият сифатида намоён бўлишида ошкораликни ўрни муҳим. Қачонки, судда ишлар ошкора кўрилар экан, халқ бу тизимни учинчи хокимият деб тан олади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг
10-моддасида, ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаб олиш учун ишларни ошкора кўрилишини талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Мазкур юридик кафолат суд муҳокамасининг ошкоралиги принципи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддаси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддаси, шунингдек процессуал қонунчиликларда бевосита мустаҳкамланган.
Умумий қоидага кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Маъмурий суд ишларини юритишда давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади.
Судда иш кўришнинг ошкоралиги инсонларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, ошкора кўрилган ишларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиши жамият томонидан суд фаолиятининг халқ назоратига олинишини таъминлайди ва тарбиявий аҳамиятга эга. Яна мазкур тамойил суд қарорларининг асосли ва қонуний қабул қилинишини кафолатлайди. Суд муҳокамасининг ошкоралиги бир томондан, суд иш юритувининг демократиклиги белгиси бўлса, иккинчи томондан судда конституциявий тамойилларга риоя этилиши устидан аҳолининг назорат усули ҳамдир .
Демократик институтларни шакллантириш ва суд ҳокимиятининг учинчи мустақил ҳокимият сифатида намоён бўлишининг асосий муҳим шартларидан бири суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдан иборатдир .
Суд ҳокимиятининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ошкоралик принципини амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади .
Ўзбекистон Республикасида сўнги уч йил давомида судлар фаолиятига ошкораликни таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.
Биринчидан, ҳар бир судья томонидан кўриладиган жами ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида кўриш тизими жорий этилди. Иккинчидан, жамоатчиликни судлар фаолияти тўғрисида хабардор этиш мақсадида вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари ҳар чоракда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳолати юзасидан тегишли давлат вакиллик органига маълумот тақдим этишлари зарур. Учинчидан, ойида камида бир марта судьяларнинг жойларда аҳоли билан учрашувларини ташкил этишлари лозимлиги белгиланди.
Бундан ташқари, судлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фаолиятини жамоатчиликка таништириш мақсадида ҳар чоракда брифинглар ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Судлар фаолиятига доир ахборотларни интернет тармоғида жойлаштирилиши ва суд жараёнларининг онлайн тарнсляция қилиниши тизимда шаффофлик ва очиқликни таъминлашда чиндан муҳим қадам ва янгилик бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарори жамоатчиликни, хусусан, оммавий ахборот воситаларининг суд фаолиятини ёритишдаги иштирокини тартибга солиши аҳамиятга молик. Бироқ, амалга оширилган чора-тадбирлар суд тизимида очиқлик ва шаффофликни тўлиқ таъминлаш ва уни рўёбга чиқаришда ҳали ҳам айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Охирги вақтларда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматининг мавжуд эмаслиги уларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни етарли даражада ва самарали олиб боришга тўсқинлик қилаётган эди. Бироқ, суд тизимида амалга оширилган ислоҳатлар натижасида 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб судларнинг жамоатчилик билан доимий алоқада бўлишни таъминлаш мақсадида ўрта бўғин судларида матбуот хизмати лавозимлари жорий этилди.
Конституциявий қоидага кўра ҳам, судга доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас. Аммо, амалиётда кўриб турганимиздек, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар томонидан ҳали-ҳамон амалдаги қонунлар ва тартибларларга риоя қилинмай судлар мустақиллигига дахл қилувчи, судга нисбатан босим ўтказишга қаратилган ҳаракатлар ҳали-ҳамон содир бўлмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил
21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорга кўра, хатто судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Албатта, суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.
Бироқ, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситаларининг суд мажлисларида иштироки масалалари барча мамлакатларда, хусусан Россия Федерацияси ҳудудида ҳам олимлар томонидан мунозараларга сабаб бўлган.
Олимлар оммавий ахборот воситаларининг судларда иштироки ошкоралик принципини таъминловчи асосий жиҳат эканлигини таъкидлаш билан бирга, уларнинг иш юзасидан судга ёки ишда иштирок эътувчи шахсларга нисбатан қандайдир босим вужудга келтириши мумкинлигини инкор этишмайди.
Ҳуқуқшукнос олим А.Г. Рихтернинг фикрига кўра, суд мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки ошкораликни таъминлашда ижобий бўлса-да, бироқ оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суд мажлисини телевидение ёки радиода чиқариш учун аудио ёки видеоёзувларга олиши процесс иштирокчиларининг мажлисда эркин тортишувга киришишига, уларнинг ўз фикрларини эркин билдиришига, шу билан бирга судьяларнинг ўз профессионал билимларини тўлиқ қўллашига салбий таъсир этмай қўймайди. . Бундай шароитда суд ишни олиб боришда ёки қарор қабул қилишда хато қилиши мумкинлигини инкор этмайди. Демак-ки, оммавий ахборот воситаларининг процессдаги ҳаракатлари натижаси суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шу сабабдан ҳам суд мажлисларида кўп ҳолатларда иштирокчиларнинг ёки қарама-қарши манфатдагилар томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокига розилик бермаслиги туфайли мазкур ҳолатда суд томонидан ишни оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокисиз олиб бориш тўғрисида хулосага келишига сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида эса, мазкур вазият оммавий ахборот воситалари вакилларининг норозичилигига олиб келмоқда.
Барча суд ишларини юритишда процессуал қонунларда иш муҳокамаси тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида ўтказилишига фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра, йўл қўйилади (ФПК 12-моддаси иккинчи қисми, ЖПК 19-моддаси биринчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи қисмлари,
ИПК 11-моддаси иккинчи қисми, МСИЮтК 13-моддаси иккинчи қисми).
Қонунчиликка кўра, иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқаради ва унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши керак. Ишлар ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши лозим.
Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши ҳақида суд мажлиси баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида ҳам кўрсатилади. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди .
Иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш ҳақидаги ажрим эълон қилинганидан сўнг процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.
Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисининг шу қисмига киритилмайди. Мазкур қоида амалдаги қонунчиликка Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 14-моддаси да ҳамда Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг 6-моддаси да белгиланган нормалардан имплиментация қилинган.
Ёпиқ суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга йўл қўйилмайди, бундай мажлисда аудио- ва видеоёзув амалга оширилмайди.
Ёпиқ суд мажлиси ўтказилганда ишни электрон тарзда шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Агар маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишда давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлса суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиши белгиланган.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан давлат сирига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар маъқул бўлиб қолса-да, уларни ошкор қилиши қонун билан тақиқланади .
Процесс иштирокчисининг илтимосномасига биноан, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга ҳақли МСИЮтК 13-моддаси иккинчи қисми).
Бунда суд муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги илтимоснома нафақат ўз шахсий манфаатлари борасида илтимоснома киритаётган шахс ва (ёки) унинг вакили томонидан, балки бошқа шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ваколати берилган шахслар (масалан, прокурор) томонидан ҳам берилиши мумкин.
Давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ишнинг ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилинишига, фақат Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ишда давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга оид маълумотлар мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
МСИЮтКга кўра, очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга маъмурий ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилади .Бироқ, суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантириши лозим.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, аудиоёзув олиб боришлари мумкин. Қайд этишни амалга ошираётган шахслар ҳаракати суд мажлиси тартибига халақит бермаслиги лозим .
Ишда иштирок этаётган ва унинг боришини қайд этиш ҳуқуқидан фойдаланаётган шахслар томонидан бу ҳуқуқнинг суиистеъмол қилиниши суд мажлиси тартибини бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолда суд айбдор шахсларга нисбатан процессуал қонунда назарда тутилган таъсир чораларини қўллашга ҳақли.
Суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим. Шу муносабат билан судлар ушбу ҳужжатлар билан суд биносига кириш жойида танишиш имкониятини таъминлашлари зарур.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига улар Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этган тақдирда киритиладилар.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ ишларни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари, суд муҳокамаси очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилишидан қатъи назар, ошкора эълон қилинади (МСИЮтКнинг 13-моддаси 5-қисми).
Мазкур қоида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 14-моддасида, ҳамда Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг 6-моддасида ҳам суд қарорлари ошкора эълон қилиниши лозимлиги тўғрисидаги қоидалар белгиланган.
Фуқаролик процессуал қонунчиликда Маъмурий суд ишларини юритишдан фарқли равишда юқоридаги қоидага нисбатан истисно мавжуд. Масалан, вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тегишли ёпиқ суд мажлисида кўрилган фуқаролик иши бўйича суд қарори (масалан, фарзандликка олиш ҳақидаги) ошкора эълон қилинмайди.
Бундан ташқари, ошкораликнинг яна бир кўриниши бу судлар фаолияти тўғрисидаги ахборотнинг очиқлигидир. Судлар фаолиятига оид ахборотлар умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси).
Фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга, жумладан, қуйидагилар киради:
давлат сирларига доир, (Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 3, 5-моддалари);
қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир (масалан, фарзандликка олиш сири) (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);
шифокорлик сирига доир (Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 25-моддаси бешинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси);
қонунга асосан фойдаланиш чекланган бошқа ахборотлар.
Қонунга кўра, суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатда ахборотнинг умумфойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.
Судлар фаолиятига доир маълумот фойдаланувчиларга уларнинг сўровига асосан, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ҳужжат кўринишидаги мурожаатига асосан тақдим этилиши мумкин. Интернет тармоғи орқали судга келиб тушган сўровга, яъни электрон ҳужжат тарзидаги сўровга ёзма сўровларни расмийлаштиришга нисбатан қўйиладиган талаблар қўлланилади.
Оғзаки сўров бўйича судлар фаолиятига доир махсус текширишни ва излашни талаб этмайдиган ахборот тақдим этилиши мумкин. Масалан, оғзаки сўровга асосан суд мажлиси вақти ва жойи, иш кўрилиши босқичи ва натижаси ҳақидаги, иш судловга тегишлилиги бўйича юборилганлиги ҳақидаги ахборот берилиши мумкин.
Фуқаролар ёки уларнинг вакиллари томонидан сўралган маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ёки судларнинг Интернет тармоғида расмий веб-сайтларида жойлаштирилган бўлса, судлар оммавий ахборот воситасининг номи, санаси ва чиқиш рақами ҳамда (ёки) расмий веб-сайтнинг сўралган маълумот жойлаштирилган саҳифасини кўрсатиш билан чекланишга ҳақли.
Судлар фаолиятига доир ахборот айни вақтда оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тарқатилмоқда.
Интернет тармоғида жойлаштирилиши шарт бўлган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни 5-моддасида келтирилган рўйхатдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим.
Расмий веб-сайтларида суд қарорлари матнларини жойлаштириш мумкин бўлиб, суд қарорлари матнидан давлат сирлари ёки бошқа қонун билан қўриқланадиган сирга доир маълумотлар чиқарилиши лозим. Қонуний кучга кирган суд қарорлари матни суднинг расмий веб-сайтида эгасизлаштирилган ҳолда ёки процесс иштирокчилари розилиги билан тўлиқ эълон қилиниши мумкин. Қонунга мувофиқ эълон қилиниши талаб этиладиган (масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги), суд қарорлари матнлари судлар расмий веб-сайтларида тўлиқ ҳажмда жойлаштирилади.
Хулоса шуки, ошкоралик – одил судловнинг энг муҳим принципидир. Унинг муҳим жиҳатлари шундаки, у фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий механизмларидан бири. Ошкоралик принципи жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим шакли ҳам. У суд ҳокимиятининг учинчи ҳокимият эканлигини исботловчи ва ифодаловчи восита. Энг муҳими ошкоралик – суд қарорларининг қонуний ва асосли чиқарилишини таъминловчи речагдир. Қолаверса, ошкоралик судлар фаолиятига нисбатан халқнинг ишончини оширадиган ягона восита. Шу ўринда жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтирадиган ягона омилдир.

 

Термиз туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                                                Учқун Самандаров