Ўзбекистонда келажак авлод тақдири ислоҳотларнинг диққат марказида

Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Олиб борилаётган ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, соғлом, илмли ва юқори савияли авлодни тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ва уларга тўлақонли шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар ётибди.

Давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалар ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.

Болаларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан муносиб тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва ўзликни англаш ҳиссини шакллантириш мамлакатимизни келгуси тараққиётини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёш авлод онгида турли ахборот ҳуружларига қарши ғоявий иммунитетни кучайтириш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Фарзандларимизни миллий ўзлигимиз мезонларига зид бўлган контентларнинг салбий таъсиридан ва саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни таълимга кенг жалб этиш, касбга йўналтириш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга мўлжалланган миллий контентлар яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май куни
183-сонли қарори эълон қилинди.

Мазкур қарорда болаларнинг интелектуал ва ижодий қобилятларини ривожлантириш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмасини яратиш, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга ҳизмат қилувчи контентлар яратиш ҳамда уларни таълим ва тарбия дастурлари билан интегратсия қилиш, чет эл контентларининг болалар онг ва қалбига таъсирини мунтазам таҳлил қилиб боориш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, ушбу йўналишларда зарарли трендлар, ҳатарли челленжларни аниқлаш ва уларга қарши контентлар ишлаб чиқиш, болалар учу хавфсиз ахборот муҳитини яратиш каби тадбирларни ўз ичига олган.

Бундан ташқари болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар фойда солиқларидан озод қилинади. Қарордаги мазкур банд юридик шахсларнинг болалар учун контент яратиши учун жуда катта қулайлик ҳисобланади. 

Шунингдек Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабида,
2026 йилдан бошлаб эса вилоятлар ва Тошкент шаҳар “баркамол авлод” болалар мактабларида босқичма-босқич иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларнинг иқтидорини янада ривожлантириш бўйича креатив индустрия йўналишида тўғраклар фаолиятини йўлга қўйилиши белгиланган.

Бундан ҳулоса қилиш мумкинки, президентимизнинг олиб бораётган сиёсати туфайли юртимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай қарорлар орқали болаларнинг ўзларининг истеъдодлари ҳамда имкониятларини намоён этишга имкон яратилмоқда.

Сурхондарё вилоят маъмур суди
судя катта ёрдамчи
Ж.Хуррамов

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорининг мазмун-моҳияти

Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 29 апрелдаги “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги 9-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш институти суд ҳужжатининг қонунийлигини текшириш билан боғлиқ муносабатларни эмас, балки янги очилган ҳолатлар суднинг хулосаларига таъсир қилиш-қилмаслигини текшириш мақсадида низо ҳолатини қайта баҳолаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиши, судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
29-бобининг қоидаларига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаларига асосан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкинлигига қаратилиши, қайта кўрилиши мумкин бўлган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари деганда, суднинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари тушунилиши, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, шунга кўра ишни кўриш вақтида ўрганилиши ва инобатга олиниши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилинганидан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, МСИЮтК 269-моддаси 1-бандининг мазмунига кўра иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, суд ҳужжати қабул қилинганидан кейин вужудга келган ҳолатлар судга низонинг шу предмети бўйича янги асосларга кўра ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.

Пленум қарорида, МСИЮтКнинг 268-моддасига мувофиқ: биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, ажримлар янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд; апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция суди томонидан амалга оширилиши;

Агар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақидаги ариза судловга тегишлилик қоидалари бузилган ҳолда келиб тушган бўлса, ариза тегишли судга юборилиши лозимлиги;

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ишда иштирок этувчи шахслар, жумладан: тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); суд ажрими билан ишга жалб этилган учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари); прокурор; давлат органлари ва ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра бошқа шахслар ҳақли эканлиги;

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида берилиши, уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланиши, аризага унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши кўрсатилган.

Шунингдек, Пленум қарорининг 17-бандининг 4-қисмида, МСИЮтК 269-моддасининг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган асослар жиноят ишини жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги, амнистия ёки афв этиш акти қабул қилиниши, айбланувчининг вафоти муносабати билан тугатиш ҳақидаги суднинг ажрими, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан аниқланган бўлса, улар суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга деб топилса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгиланган.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси
   Б.Умиров

Оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.

Оила муқаддаслиги, оиланинг энг олий қадрият эканлиги ҳақидаги ғоялар, қарашлар ҳар бир инсоннинг қон-қонига сингдирилганлигини инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Оила жамиятнинг асосий негизидир. Мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида оила қонунчилиги алоҳида соҳа сифатида ўрганилади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида белгилаб берилган ҳуқуқий нормаларда  мувофиқ оилавий муносабатларга ҳуқуқий ҳолатларини билиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.

Ўзбекистон Республикасида оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазовордир.

Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади.

Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаши) мумкин.

Болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш ота-онага (улардан бирига) боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (руҳиятнинг бузилиши ёки бошқа сурункали касаллик, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқалар) бола учун хавфли бўлса, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади.

Агар болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш оқибатида ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, ота-онани (улардан бирини) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун эса етарли асослар аниқланмаган тақдирда ҳам ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақли.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси Р.Тожимуродова

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий иқтисодий ҳуқуқларнинг моҳияти ҳақида.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланади.
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек давлат ҳокимияти вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.
Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этади ҳамда рағбатлантиради.
Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.

Сурхондарё вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси  
Ш.Х.Бобомуродов

Skip to content