Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сонли қарорининг мазмун-моҳияти
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, 2017 йилда мамлакатимиз тарихида илк маротаба маъмурий судлар ташкил қилинганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги ҳам маъмурий судларнинг қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим институт сифатида шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш” тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.
Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг ушбу қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар яъни давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш; фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш; давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш; маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш; фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш; давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш; маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш кабилар белгиланган.
Шунингдек, Олий суд ва Адлия вазирлигининг қуйидаги тартибларни маъмурий судлар фаолиятига жорий этиш ҳақидаги яъни қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш; маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш таклифларига розилик берилган.
Бундан ташқари, Олий суд, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқулланган.
Олий суд манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб фаолият юритган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ишончини ҳимоя қилиш учун мазкур ҳужжатнинг кейинчалик бекор қилиниши ушбу шахснинг ўз мулкидан маҳрум бўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар олиб келмаслигига оид қоидаларни (бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно) назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш белгиланган.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби иловаларга мувофиқ тасдиқланган.
Идоралараро комиссияга 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш ва илмий ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда хорижий экспертлар ўртасида янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси кенг муҳокама қилинишини таъминлаш вазифаси юкланган.
Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси
Х.Нарзуллаев