Ҳужжатларнинг аслини қайтариш, ашёвий далилларни сақлаш ҳамда қайтариш ҳақида.
Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг асли уларни тақдим этган шахсларнинг илтимосномасига кўра суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин, агар суд ҳужжатни қайтариш низонинг тўғри ҳал қилинишига зарар етказмайди деган хулосага келса, ишни юритиш жараёнида ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар уларга қайтариб берилиши мумкин. Илтимоснома билан бир вақтда мазкур шахслар ҳужжат аслининг тегишлича тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар ёки ишда қолаётган нусханинг аслига тўғрилиги суд томонидан тасдиқланишини илтимос қиладилар.
Ўзининг ташқи кўриниши, ички хоссалари ва мазмуни, турган жойи ёки бошқа белгилари билан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қила оладиган ашёлар ашёвий далиллардир.
Ашёвий далилларни сақлаш
Ашёвий далиллар судда сақланади.
Судга олиб келиниши мумкин бўлмаган ашёвий далиллар турган жойида сақланади. Улар батафсил тавсифланиши, зарур бўлган тақдирда эса муҳрлаб қўйилиши, фотосуратга ёки видеоёзувга туширилиши лозим.
Суд ва ашёвий далилларни сақловчи уларни ўзгармайдиган ҳолатда сақлаш бўйича чоралар кўради.
Ашёвий далилларни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 115-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ тарафлар ўртасида тақсимланади.
Ашёвий далилларни қайтариш
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёхуд суд томонидан белгиланадиган бошқа тартибда реализация қилинади.
Айрим ҳолларда, суд ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин, агар ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлса ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга ишни юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.
Суд ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.
Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.
Вилоят маъмурий суди
архив мудири Н.Рахманова