“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти хусусида.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 9 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2024 йил 21 июнда маъқулланган, 35-моддадан иборат бўлиб, ушбу ЎРҚ-937-сонли Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

          Мазкур қонун, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга, фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга, ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига, 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно), фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.

         Бир марталик умумдавлат акцияси — ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ 2018 йил 20 апрелдан 2019 йил 1 майга қадар ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси;

         ортиқча эгалланган ер участкаси — ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан ортиқ бўлган, ер участкасининг чегарасидан ташқарида, унга туташ ҳудудда жойлашган ер майдони;

         ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси ҳисобланади.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди

 судья катта ёрдамчиси 
С.Халматов