Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 мартдаги“Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисидагиЎРҚ-1047-сонли қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида.

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берди.
Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасида яъни видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида иштирок этиш тартиби белгиланган бўлиб, юқоридаги қонун билан ушбу моддага ҳам қуйидагича ўзгартириш киритилмоқда.
Хусусан мазкур модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм ва бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
учинчи қисм;
“Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади” мазмунида;
учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисобланиши;
бешинчи қисм;
“Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади” – деб белгиланмоқда.

Термиз туманлараро
маъмурий суди раиси
Б.Э.Умиров