Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 19 декабрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2024 йил 21 декабрда маъқулланди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ёввойи ҳайвонлар билан муомалада бўлишда аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга ва ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Қонунчиликда айрим турдаги ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлашга оид тақиқ белгиланган.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаганлик ва одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етказганлик учун жавобгарлик белгилашни, шунингдек ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг қонунга хилоф равишда сақланишининг олдини олишга, уй ҳайвонларини сақлаш тартибида назарда тутилган талабларга риоя этилишига ҳамда аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига  қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
қуйидаги мазмундаги 921-модда билан тўлдирилди:
921-модда. Сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш
Ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаш, —
ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, —
ана шу ҳайвонларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
 110-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди.
110-модда. Ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш
Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш ва сақлаш чораларини кўрмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик одамларнинг соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келса, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;
245-модданинг биринчи қисмидаги «94» рақами «921, 94» рақамлари билан алмаштирилди.
2-модданинг мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш белгиланди.

Сурхондарё вилоят маъмурий

суди судья катта ёрдамчиси 
С.Халматов.