Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни ва амалиётда вужудга келаётган муаммолар

Судлар томонидан давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариб олиш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатлар бевосита Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Мазкур Қонун маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларга аризалар билан мурожаат қилганида, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганида, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилганда, шу жумладан хорижга чиқиш ҳамда консуллик йиғимини тўлаш ва шу каби бир қатор ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилади.
Қонунда давлат божини тўловчи жисмоний ва юридик шахсларга қайси ҳолларда давлат божи тўлаши лозимлиги ҳамда айнан қайси жисмоний ва юридик шахс давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги қатъий белгилаб берилган.
Судья томонидан ишни кўриш натижалари бўйича суд харажатларининг миқдорини белгилашда хатога йўл қўймаслик ва тарафлар ўртасида тақсимлаш масалаларини тўғри ҳал этиш қабул қилинган суд ҳужжатларининг қонунийлигини таъминловчи асосий мезонлардан бири бўлиб ҳисобланади.
 “Суд харажатлари” деганда  давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимлари, почта харажатлари тушунилади.
Давлат божи қуйидагилардан ундирилади:
фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган даъво аризаларидан, иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, маъмурий судларга бериладиган аризалар, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек маъмурий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун;
 нотариуслар ва Ўзбекистон Республикасининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун;
ФХДЁ  фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун, шунингдек фуқароларга фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилганлиги тўғрисида такрорий гувоҳнома берганлик учун ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувига ўзгартишлар, қўшимчалар, тузатишлар киритилиши ва унинг қайта тикланиши муносабати билан гувоҳнома берганлик учун;
 юридик шахсларни ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун;
 ов қилиш ҳуқуқига доир рухсатнома берганлик учун;
 ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари, интеграл микросхемалар топологиялари, электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун;
 чет эллик юридик шахслардан кўргазма юкларини расмийлаштирганлик, чет эллик юридик шахсларга божхона юк декларацияси бланкларини реализация қилганлик учун;
 фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга доир лицензиялар ва рухсатномалар берганлик учун. Ва бошқа шу каби ҳолатларда.
Ушбу Қонуннинг 10-моддасига кўра, маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
-тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
-Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;
– нодавлат нотижорат ташкилотлари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
– Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
– ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда;
– давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича;
-прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;
– адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар юзасидан;
-юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича;
-Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб бериладиган аризалар (шикоятлар) юзасидан;
-Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
– Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
– Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
– мулкдорлар — хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳақидаги ишлар юзасидан;
– чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар (шикоятлар) юзасидан;
– тарафлар — муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги ишлар юзасидан;
– Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга доир ишлар юзасидан;
-Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган аризалар (шикоятлар) юзасидан.
Бироқ, ушбу Қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинган қуйидаги шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади:
тадбиркорлик субъектлари — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича;
юридик ва жисмоний шахслар — давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган аризалар (шикоятлар) бўйича;
-Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 115-моддасига кўра, ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича барча суд харажатлари бошқа тараф ҳисобидан ундирилиб берилади.
Агар давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари, юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатини кўзлаб ариза киритган бўлса, агар ариза рад этилса, манфаати кўзланган шахсдан давлат божи ундирилади.
Суд ҳужжатида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.
Агар давлат божи тўланган, лекин судга келиб тушмаган ёки ушбу суд қайтарган аризалар (шикоятлар), апелляция, кассация шикоятларига доир давлат божлари ҳамда божни тўлиқ ёки қисман қайтариш назарда тутиладиган суд ҳужжатларига доир суд томонидан берилган маълумотномага асосан қайтарилади.
Давлат божи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 112-моддасига асосан давлат бюджетидан қайтарилади.
Давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак:
1) давлат божи қонун ҳужжатларида талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланганида;
2) суд даъво аризасини (аризани, шикоятни) қайтарганда ёки қабул қилишни рад этганда, шунингдек нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этганда;
3) апелляция, кассация ва назорат шикояти қайтарилганда ёки уни қабул қилиш рад этилганда;
4) давлат божи тўланган даъво аризаси (ариза, шикоят) ёки апелляция, кассация ва назорат шикояти судга келиб тушмаганда;
5) агар иш судга тааллуқли бўлмаса, ишни юритиш тугатилганда;
6) ариза кўрмасдан қолдирилганда, агар у муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса.
Мазкур Қонунга кўра фуқаролик ишлари бўйича судга никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризалари билан мурожаат қилинганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида давлат божи тўланиши кўрсатилган, маъмурий судларга  давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида давлат божи тўланиши кўрсатилган, бу ҳолат судга мурожаат қилаётган фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Келгусида, мазкур Қонунга ўзгартириш киритилиб, фуқаролик ишлари бўйича судга ва маъмурий судига фуқароларнинг ариза (шикоят), даъво ариза билан мурожаат қилиши учун давлат божи миқдорини тенг қилиб белгиланиши мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлайман.
 
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судьяси Х.Рахимова