Ўзбекистон Республикасида Суд органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолияти сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий -техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони ва унда белгиланган муҳим вазифалар миллий суд тизимимизда рақамли одил судловга эришишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Суд органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай
шарт-шароитлар яратиб беришнинг кейинги йиллардаги устувор мақсадлари қаторида “судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш”, “Иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлиги ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш ”, “Рақамли суд концепцияси асосида босқичма-босқич” суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш” сингари ниҳоятда муҳим вазифаларнинг белгиланганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини суд органлари орқали амалда таъминлаш, одил судлов фаолиятини тўлақонли амалга ошириш имкониятини оширади, Пирвард натижада бирон-бир маъмурий органга мутлақо қарам бўлмаган, том маънодаги мустақил, жисмоний ёки юридик шахсларнинг бузилган ёки камситилган ҳуқуқ ва эркинликларни қонуний суд ҳужжатлари воситасида тиклаш самарадорлигига эришилади.

Одил судлов тизимида сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга қаратилган ушбу фармонда белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш орқали қуйидаги амалий натижаларга эришилади.

Биринчидан, суд органларига ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;

Иккинчидан, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;

Учинчидан, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади;

Тўртинчидан, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади;

Бешинчидан, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади;

Олтинчидан, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади;

Еттинчидан, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади;

Саккизинчидан, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакиллантирилади.

Фармонда назарда тутилган юқоридаги вазифаларнинг ҳар бирида мамалакатимиздаги судлов ишларини юритиш самарадорлигини ошириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг оворагарчилигини кескин камайтириш, судья ва суд ходимларининг ишларини соддалаштириш, уларнинг вақтини тежаш каби эзгу мақсадлар ётади.

Хулоса қилиб айтганда, суд органлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши Республикамизда одил судлов ишларини ҳар томонлама такомиллаштириб, унинг янги сифат босқичини бошлаб беради.

                Сурхондарё вилоят маъмурий

суди судьяси
Б.Б.Муинов