Хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ҳиссаси
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг қабул қилинган қонунларимизда аёл ҳуқуқларига инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қарала бошланди. Мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши таъминланган.
Хотин-қизларнинг жамият ривожидаги ҳиссасини муносиб баҳолаш, уларга барча масалаларда кўмаклашиш-буларнинг барчаси қадимдан халқимизга хос.
Хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинларини қонун талаби асосида таъминлаш муаммоси турли омилларга, жумладан, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлангани, умумий маданият, фуқаролик жамиятининг шаклланиш даражасига боғлиқ.
Янгиланаётган Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллигини оширишга қаратилган хотин-қизларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг исботидир.
Бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун зарурдир.
Ривожланган мамлакатларда инсон эркинлигини ижтимоий, оилавий, шахсий ҳаётда ҳар томонлама таъминлашга муҳим аҳамият бериб келинаётгани бежиз эмас. Гендер муаммоси ана шундай долзарб масалалардан биридир. Қадимги замонлардаёқ аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Жинслар ўртасидаги тенглик ҳақидаги ғояни биринчи бўлиб софист Антифонт ўз асарларида баён қилиб, шундай фикр билдирган: “Табиат барчани, аёлни ҳам, эркакни ҳам тенг қилиб яратади, лекин инсонлар ўзларини тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ўзлари бунёд этадилар”. Шунингдек, софист Алкидам ва Ликофрон қарашларида ҳам табиий ҳуқуқлар тенглиги ва барча одамларнинг эркинлиги ҳақидаги фикрларни учратамиз.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланади ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва яшаш жойини танлашга эркиндир.
Тарихдан маълумки, меҳнат турлари ва санъат дастлаб аёл зоти томонидан кашф этилган, эркаклар эса уларни ривожлантириб, такомиллаштирган. Демак, ҳозирги замон цивилизациясининг ибтидосида аёл турган. Ўтмишда аёллар ҳукмронлиги давридан эркаклар салтанатига ўтиш хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ўзгартирди, аёллар фаолиятини фақат оила чегарасида белгилашга мойиллик кучайди. Аёллар ўз қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш, намоён этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, оиладаги ўрни фақат фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш билан чекланиб қолди. Оқибатда у эркак кишига моддий, маънавий, ижтимоий, маиший жиҳатдан қарам бўлиб яшай бошлади.
Ижтимоий тузумлар ўзгариши билан инсон ҳаётига бўлган муносабатлар ҳам ўзгариб, қонунсизлик, яъни қадр-қимматни поймол этиш каби кўплаб салбий ҳолатларга нисбатан норозилик туйғуси шакллана борди ва натижада адолат, аёл эркинлиги, ҳуқуқини эътироф этиш ғоялари етила бошлади. Бу эса, аёлларнинг ҳам эркин яшашга ҳақли инсон экани, жамият тараққиётида ўз ўрнини топиши зарурлиги ғоясини вужудга келтирди.
1791 йили Олимпия де Гуж томонидан тайёрланган “Фуқаролик ва аёл ҳуқуқи декларацияси”да ҳам аёлларнинг эркин фикрлаши ва ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга экани очиқ эътироф этилди. Ушбу декларация аёллар ҳаракатининг биринчи манифести ҳисобланади.
Гендер муаммосини ҳал этиш учун давлат ва жамиятнинг биргаликдаги куч-ғайрати талаб қилинади. Яъни гендер тенглиги давлатнинг ҳимоя сиёсати ҳамда хотин-қизларнинг ташаббуси орқали амалга оширилиши мумкин. Бу эса, келажакда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, фуқаролик жамияти қуришга камарбаста фаол аёллар сафини янада кенгайтириш имконини беради.
Сурхондарё вилоят маъмурий суд судьяси Х.Рахимова