Ф-140-сонли Президент фармони — суд тизимида рақамлаштириш ва сунъий интеллект даврининг бошланиши
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августдаги ПФ-140-сонли Фармони суд тизимини тубдан модернизатсия қилиш, одил судловга эришиш самарадорлигини ошириш ҳамда судлар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини, жумладан, сунъий интеллект имкониятларини кенг жорий этишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур фармон суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субйектлари учун суд хизматларидан фойдаланишни янада қулай қилишни асосий мақсад қилиб қўяди.
Фармонда суд иш юритувида қоғозбозликни қисқартириш ва ишларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, яъни “Рақамли суд” консепсиясини жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Эндиликда судга мурожаат қилиш, протсессуал ҳужжатларни тақдим этиш, суд мажлисларида масофадан иштирок этиш имкониятлари босқичма-босқич кенгайтирилади. Бу эса фуқароларнинг вақт ва харажатларини тежаш, судлар юкламасини камайтириш билан бирга, ишларни кўриб чиқиш муддатларига қатъий риоя этилишига хизмат қилади. ПФ-140-сонли фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳисобланади. Хусусан:
суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида автоматик шакллантириш;
суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда СИ имкониятларидан фойдаланиш;
фуқароларга судга мурожаат қилишдан олдин ишнинг тахминий натижаси ва харажатлари бўйича ахборот бериш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тезкор таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш назарда тутилган.
Бу янгиликлар судялар ва суд аппарати ходимларининг ишини енгиллаштиради, инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтиради ҳамда қарорлар сифатини оширишга хизмат қилади. Фармонда суд биноларини замонавий талаблар асосида қуриш ва реконструксия қилиш, суд мажлис залларини замонавий техника ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу суд жараёнларининг очиқ ва қулай муҳитда ўтказилишини таъминлайди. ПФ-140-сонли Президент фармони суд тизимини замонавий, очиқ ва технологик жиҳатдан ривожланган институтга айлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши натижасида одил судловга бўлган ишонч янада мустаҳкамланади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади.
Мазкур фармон суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат сифатида ривожланишида муҳим босқични бошлаб берди.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судя катта ёрдамчиси З.Темиров






