ФУҚАРОНИНГ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ.

Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан Бобоев Норхидирнинг (фамилия исм ўзгартирилган) жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиясининг 2025 йил 28 апрелдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Н.Бобоев (фамилия исм ўзгартирилган)
1962 йил 28 февралда туғилганва Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлимига пенсия тайинлашни сўраб ариза билан мурожаат этган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлимининг
2022 йил 17 майдаги 4399-сонли қарори билан фуқаро Н.Бобоевга (фамилия исм ўзгартирилган) 2022 йил 28 февралдан умрбод ёшга доир пенсия тайинланган.

Кейинчалик, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғининг 2025 йил 7 апрелдаги 21-xs-сонли буйруғига асосан бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимларининг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи пенсия жамғармасининг Узун тумани ва Термиз шаҳар бўлимларида 2022-2025 йиллар давомида тайинланган (қайта ҳисобланган) ва тўлови амалга оширилган пенсия ишларини жойига бориб, танлов асосида ўрганиш, шунингдек, ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида амалий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда пенсия тўловлари учун ажратилган маблағларни мақсадли сарфланиши, аввалги текширишларда аниқланган ортиқча тўловларни жамғарма ҳисобига тикланиши юзасидан мониторинг ўтказиш учун хизмат сафарига юборилган.

Ишчи гуруҳи томонидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлимида 2022-2025 йиллар давомида (сўнгги уч йиллик) тайинланган ва тўлови амалга оширилган пенсия ишлари “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
13 октябрдаги 592-сонли Қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низоми асосида солиштирилиб, норматив ҳужжатларга асосланиб, танлов асосида фуқароларнинг пенсия ишлари жойига бориб ўрганилган.

Ўтказилган ўрганиш юзасидан тузилган 2025 йил 18 апрелдаги далолатномага кўра, танлов асосида ўрганиш жараёнида фуқаро Н.Бобоев (фамилия исм ўзгартирилган) 2022 йил 12 майда ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганлиги, комиссиянинг қарори билан 23 йилу
1 ой иш стажи 3 022 380 сўм ўртача ойлик иш ҳақи билан ёшга доир пенсия тайинланганлиги, фуқаро пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризасига илова сифатида Узун туман давлат архивининг 2022 йил 12 майдаги 354-сонли “Феруз” кичик корхонасида 1993-2004 йиллар иш ҳақи маълумотномасини тақдим этганлиги, тақдим этилган маълумотномада юқорида кўрсатилган шубҳали ҳолатлар изоҳ сифатида ёритилмаганлиги сабабли фуқарога пенсия ҳисоблашда ушбу иш ҳақи маълумотномалари инобатга олинганлиги, натижада 36.930.285 сўм ортиқча тўлов вужудга келганлиги аниқланганлиги кўрсатилган.

Шунга асосан, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиясининг 2025 йил
28 апрелдаги қарори билан фуқаро Н.Бобоевга (фамилия исм ўзгартирилган) 2025 йил 1 майдан 745.000 сўм пенсия тайинланган ва 36.930.285 сўм ортиқча тўловни Н.Бобоевнинг ҳар ойлик пенсиясидан 2025 йилнинг май ойидан бошлаб 30 фоиз миқдорида чегириб қолиш кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда аризачи Н.Бобоев (фамилия исм ўзгартирилган) ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлигини билдириб, ҳуқуқини тиклаш юзасидан юқоридаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси иккинчи қисмида “Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” – деб белгиланган.

Аризачи аризасида, жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиясининг
2025 йил 28 апрелдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суд томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси томонидан қабул қилинган қарор амалдаги қонунчиликка мос равишда қонуний қабул қилинмаганлиги аниқланган.

Шу боис, суднинг 2025 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарори билан аризачининг аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарнинг Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Узун туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиясининг 2025 йил 28 апрелдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, унга Н.Бобоевга (фамилия исм ўзгартирилган) тўлаб келинган тўловларини чегириш масаласини қонун ҳужжатларида белгиланган норма талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилиб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланган.


Сурхондарё вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси
Ш.Бобомуродов