ФУҚАРОНИНГ ИНОБАТГА ОЛИНМАГАН ИШ СТАЖЛАРИ СУДНИНГ ҚАРОРИГА АСОСАН ИНОБАТГА ОЛИНИБ, ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАНДИ.

Аризачи Ч.Тошмаматов судга ариза билан мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг унинг мурожаатига рад жавоби бериш борасидаги хатти-ҳаракатини қонунга хилоф деб топиб, 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларини пенсия тайинлашда инобатга олиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Аниқланишича, фуқаро Ч.Тошмаматов илк марта ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб, 2024 йил апрель ойида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси томонидан фуқаро Б.Жавлиевнинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, 2024 йил апрель ойида ёшга доир пенсия тайинлаб, фуқаро Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларидан жамғариб бориладиган ИНПС (1%) маблағлар Халқ банки филиалига ўтказилмаганлиги сабабли, ушбу йилларни фуқаронинг умумий иш стажига қўшиб ҳисобланмаган.

Ч.Тошмаматов, 2024 йил апрель ойида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимига ўзининг 2006 йилдан
2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган иш стажларини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини сўраб, ариза билан пенсия жамғармасига мурожаат қилган.

Унинг мазкур аризаси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлими пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши сўралаётган йиллардаги иш стажлардан жамғариб бориладиган ИНПС (1%) маблағлар Халқ банки филиалига ўтказилмаганлиги сабабли, фуқаронинг сўраётган йиллардаги иш стажлари умумий меҳнат стажи сифатида инобатга олиш рад этилган.

Мазкур қарордан норози бўлган аризачи Ч.Тошмаматов, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг ушбу хатти-ҳаракатидан норози бўлиб, судга пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг хатти-ҳаракати устидан ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддаси
1-қисмига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига кўра, эркаклар-60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг  56-бандида, меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади. 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан белгиланади. Иш стажи “ЯММТ” ИДАКдаги мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланади. Меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш учун (банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлар ва иш ҳақи бериш учун қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади”-деб белгилаб қўйилган.

Судда аниқланишича, аризачи Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаганлиги унинг меҳнат дафтарчасида қайд қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасига мувофиқ, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат эканлиги белгиланган.

Шу сабабли, суднинг 2024 йил 6 майдаги ҳал қилув қарорига асосан пенсия жамғармаси Шеробод туман бўлимининг аризачи Ч.Тошмаматовнинг мурожаатига рад жавоби беришдан иборат хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, унинг зиммасига Ч.Тошмаматовнинг 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган даврларда “Янгиариқ Муҳандис Сервис” ММТПда ишлаган даврини умумий иш стажи сифатида инобатга олиш мажбурияти юклатилган ва аризачи Ч.Тошмаматовнинг ҳуқуқлари тикланган.

Термиз туманлараро

маъмурий судининг судьяси

    Ш.Н.Нуриддинов