Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари суд ҳимоясида

Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий – ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда. Айни шу мақсадда бир қатор янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди, амалдаги қонунчилик нормаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек айни вақтда давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг, хусусан тадбиркорлик субйектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилиб келинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириш, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарур, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади”, — деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
11 сентабрдаги “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган Стратегиянинг 4.2-бандида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар белгиланган бўлиб маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субйектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш белгиланган.

Термиз туманлараро маъмурий суди судя ёрдамчиси

Х.Нарзуллайев