Фуқаролар ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида
Сурхондарё вилоят умумюрисдикция суди раиси, Сурхондарё вилоят маъмурий суди раиси, Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси директори томонидан ОАВларга чиқишлари тўғрисида тасдиқланган режага асосан судьялар томонидан 2024 йилнинг 1-ярмида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш белгиланган, шунингдек 2022 йил 27-январь куни № РС-01-22 сонли Олий суднинг раёсат қарори билан алоҳида режа асосида “Фуқаролар ва тадбиркорлар маъмурий суд ҳимоясида” рукни остида тарғибот ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Бундан ташқари ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгиланиб сайёр қабуллар ташкил этиб бориш белгиланган.
Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2024 йил 30 апрель куни Термиз шаҳар Юридик техникум директори Б.Ғаффоров ҳамда ушбу техникум талабалари иштирокида Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьялари Эронқулов Отабек Мамаюсуфович, Хакимов Ханжар Зиядиллаевич, Бобомуратова Нилуфар Сайпитдиновна, Холматов Суннат Бегматовичларнинг иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, вилоят маъмурий суди судьяси Эронқулов Отабек Мамаюсуфович ўз маърузасида мамлакатимизда айни вақтда давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги оммавий ҳуқуқий муносабатларда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг, хусусан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя этилиб келинаётганлигини айтиб ўтди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга ошириш, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарур, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.
Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишимиз лозим. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаш зарур.
Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади», — деган эди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, Юридик техникум талабаларини қизиқтирган саволларига жавоб берилиб, юқоридаги мавзуларда бағишланган давра суҳбати Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси орқали эфирга узатилди.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
О.Эронқулов