СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲАТЛАР-ИНСОН МАНФААТЛАРИ УЧУН

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва одил судловни самарали таъминлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда, шу билан соҳага юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда ва бу борада кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг давоми ўлароқ жорий йилнинг 21 август куни Давлатимиз раҳбарининг судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва бу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасидаги яна иккита муҳим ҳужжати – “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли ва “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-141-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида бир қатор устувор масалалар белгиланди.

Жумладан, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” консепсияси асосида ишларнıнг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш, “Рақамли суд” консепсияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, судялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида, хусусан “Рақамли суд” консепсиясини амалга ошириш доирасида

судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилиши, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиши, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилиши босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган.

Қолаверса, Фармон билан 2025 – 2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструксия қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бунда янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” консепсияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.

Сурхондарё вилоят маъмурий

суди девонхона мудири 
С.Алимардонов