Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишдаги қулайликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берди.
Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференсалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали протсессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 11.03.2025 йилдаги ЎРҚ-1047-сон Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик протсессуал кодексига, Иқтисодий протсессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 144-моддасида суднинг видеоконференсалоқа режимидаги мажлисида иштирок этиш тартиби белгилаб берилган бўлиб, қонунчиликдаги янги ўзгаришга кора, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференсалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференсалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланилиши, видеоконференсалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши белгилаб берилган.
Хулоса қилиб айтганда, аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини беради.

Сурхондарё вилоят маъмурий
суди  судя катта ёрдамчиси
Р.Тожимуродова