Судлар томонидан Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўллаш

2023 йилнинг 1 май кунидан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири кўплаб соҳаларда зарур бўлган нормалар билан боййитилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

         Бу каби нормалардан бири бўлган Конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри қўлланилиши суд-ҳуқуқ соҳасида энг аҳамиятлисидир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

         Ўз навбатида эса, одил судловни амалга оширувчи суд ўзига тегишли ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

         Маълумки, у ёки бу соҳада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари Бош қомусимиз белгилаган нормалар асосида, бошқача қилиб айтганда, шу ҳужжатнинг ўзаги сифатида қабул қилинади. Бу билан, Конституцияда белгилаган нормалар маълум маънода қолган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳиятини ташкил қилиб, аниқлаштиради.

         Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

         Эндиликда, мазкур нормага асосан Конституция у қонуний кучга кичга кирган вақтдан бошлаб юзага келган тегишлии муносабатларга нисбатан бевосита қўлланилишини тушуниш мумкин.

         Шунингдек, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши билан боғлиқ муҳим қоида бу 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуннинг 4-моддасида белгиланган Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилишидир.

         Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилиши муносабати билан уни тўғри ва тўлиқ тушуниб, ўзлаштириб олиш лозим,бунинг натижасида Конституция нормаларини қўлламаслик, уни нотўғри ёки зид қўллаш каби қонунбузилиши ҳолатларининг олди олинади.

         Судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига доир масалалар юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш вазифаси юклатилган судларнинг одил судлов фаолиятида Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўллаши маълум маънода алоҳида масъулият ва мажбурият юклайди.

         Шу муносабат билан Олий суд Пленуми томонидан “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2023 йил 23 июнь куни 16-сон қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 4-банди 3-хатбошисига кўра, судлар инобатга олиши керакки, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозимлиги ҳақида аниқ тушунтириш берилган.

Конституциянинг 29-моддаси 4-қисми нормалари судлар томонидан далилларга баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 9-банди 2-хатбошисида мазкур нормага тушунтириш берилиб, Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳамда қонунларда белгиланган тартибларни бузган ҳолда ёхуд қонунларда назарда тутилмаган ҳаракатлар натижасида тўпланган далиллар қонунни бузган ҳолда олинган далиллар деб эътироф этилиши лозимлиги таъкидланган.

Судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини муайян ишда қўллашда Конституциянинг 16-моддаси талабларини инобатга олишлари лозим.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилиниши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Давлат органлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақида нормаларидан келиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, умуман олганда қонунчилигига янги қўшилган муҳим институтлардан бири – мутаносиблик принципи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Судлар, давлат органларининг таъсир чоралари билан боғлиқ ишларда қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланганлиги ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлганлигини текшириш лозим

Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси

Каримов Санжар Зоирович