СУДЛАРДА РАҚАМЛИ ДАЛИЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1003-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, бундан ташқари “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилди.

Мазкур қонунга кўра, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.

Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.

Суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечиради.

Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.

Бундан ташқари, рақамли далиллар бу иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлардир.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно. Ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил мустасно.

Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио- ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.

Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят

маъмурий суди судьяси

   Х.Хакимов