ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Аризачи “С” судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 30 октябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ва 2005 йил 01 январдан 2007 йил 01 апрелга қадар ишлаб чиқариш корхонасида ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклашни сўраган.

Аниқланишича, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг бўлими томонидан фуқарога пенсия тайинлашда унинг 2005 йил 01 январдан 2007 йил
01 апрелга қадар ишлаб чиқариш корхонасида ишлаган даври иш стажи сифатида пенсия ҳисоблашда инобатга олинмаган.

Аризачи “С” пенсия тайинлашда инобатга олинмаган даврларда, яъни
2005 йил 01 январдан 2007 йил 01 апрелга қадар унитар ишлаб чиқариш корхонасида ишлаган.

Аризачи “С”нинг меҳнат дафтарчасида унинг ушбу корхонада ишлаганлиги унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд қилинган ва муҳр билан тасдиқланган.

Амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 125-моддаси биринчи қисмига кўра, лозим даражада тасдиқланган қоғоз ёки электрон шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификатсия қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир.

Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” Қонуннинг 42-моддасида меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 46-моддасининг биринчи қисмига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Фуқаронинг меҳнат фаолияти унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд этилган ва жамғариб бориладиган мажбурий бир фоизлик бадалларни тўлаш унинг мажбурияти эмас.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 30 октябрдаги қарори қонуний ва асосли бўлмаганлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 25 нотябрдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган, жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 30 октябрдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган, жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг зиммасига аризачи “С”нинг 2005 йил
01 январдан 2007 йил 01 апрелга қадар ишлаб чиқариш корхонасида ишлаган даврини унга пенсия тайинлашда қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йилнинг тўртинчи чораги давомида давлат органлари ва ташкилотларининг, уларнинг мансабдор шахслари қабул қилган қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан низолашиш билан боғлиқ кўриб чиқилган ариза (шикоят)лар ташкилотлар ва идоралар кесимида таҳлил қилинганида, маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонунийлиги аниқланган 11 та, шундан 9 та қарор ва 2 та ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман-шаҳар бўлимларининг 26 та, шундан 24 та қарор ва 2 та ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси органларининг 7 та, шундан 6 та қарор ва 1 та ҳаракат (ҳаракатсизлик), Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг 1 та ҳаракат (ҳаракатсизлик), Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлар палатасининг 9 та, шундан 2 та қарор ва 7 та ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), жами 54 та ишлар бўйича, шундан 41 та қарорлар ҳақиқий эмас ва 13 та ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судяси 

 Х.Хакимов