ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.       Жумладан, аризачи Х.Н жавобгар туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2024 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган мерос иши бўйича расмийлаштирилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган. Аниқланган ҳолатларга кўра, туман ҳокимининг 2016 йил 14 декабрдаги 1245-сонли қарорига кўра, марҳум Р.Р.нинг туманда жойлашган 1200 м2 ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган. Туман давлат нотариал идорасининг 2016 йил 28 декабрда қайд этилган эр хотиндан бирининг вафотидан кейин уларнинг бирига умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилиб, унга кўра, А.З.нинг 2016 йил 26 октябрда вафот этган турмуш ўртоғи Р.Р. билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган мол-мулкнинг ½ қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи тасдиқланган. Шунингдек, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан 2016 йил 26 октябрда вафот этган марҳум Р.Р.га тегишли барча мол-мулкнинг 1/7 меросхўри сифатида А.З вояга етмаган фарзандлари тасдиқланган. Х.А ва Х.А ўзларига тегишли бўлган мерос улушидан онаси З.А.нинг фойдасига воз кечган. Ушбу асосга кўра, А.З марҳум Р.Р.га тегишли мулкнинг ярмига никоҳ давомида орттирилган мол-мулк сифатида мулкнинг қолган ярмига вояга етмаган фарзандларнинг онаси сифатида ва вояга етган фарзандларининг мерос улушидан унинг фойдасига воз кечиши ҳисобига  эгалик ҳуқуқи вужудга келган. Туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сонли қарорига кўра, А.З.га тегишли тумандаги уй-жойнинг 1200,0 м2 да жойлашган омборхона бинолари тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида турар-жойдан яшаш учун мўлжалланмаган нотурар-жой тоифасига ўтказилган. Ушбу мулк З.А. томонидан ипотека шартномасига асосан “Ш.А” МЧЖга ажратилган кредит қарздорлигининг гарови таъминоти сифатида тақдим этилган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2024 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Х.Н.нинг жавобгарлар А.З. ва туман давлат нотариал идорасига нисбатан 2016 йил 28 декабрдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилиб, туман давлат нотариал идораси нотариуси томонидан 2016 йил 28 декабрда берилган мерос иши юзасидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу ҳолатда низоли ҳоким қарори аризачининг меросга бўлган фуқаролик ҳуқуқини ва манфаатларини бузган. Шунинг учун Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 5 июлдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2017 йил 04 январдаги 8-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, иш бўйича аризачининг ҳуқуқлари тикланган.

Яна бир мисол.

Аризачи Қ.Р. жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 16 июлдаги 35-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни ва 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш мажбуриятини жавобгар зиммасига юклашни сўраган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даври иш стажини ҳисоблашда инобатга олинмаган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ушбу асосларга кўра, аризачи ўзининг бузилган деб ҳисоблаган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилган. Аниқланишича, аризачи Қ.Р пенсия тайинлашда инобатга олинмаган даврларда, яъни 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган. Р.Қ.нинг меҳнат дафтарчасида унинг ушбу корхоналарда ишлаганлиги унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд қилинган ва муҳр билан тасдиқланган. Амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 125-моддаси биринчи қисмига кўра, лозим даражада тасдиқланган қоғоз ёки электрон шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификация қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир. Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси, Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” Қонуннинг 42-моддасида меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланиши белгиланган. Фуқаронинг меҳнат фаолияти унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд этилган ва жамғариб бориладиган мажбурий бир фоизлик бадалларни тўлаш унинг мажбурияти эмас. Фуқаро меҳнат фаолиятини амалга оширган даврда амалда бўлган қонунчиликка биноан унинг меҳнат стажини тасдиқловчи факт (маълумотлар) унинг меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд этилган. Қонунчилик талабига кўра, аризачининг ишлаган иш стажини пенсия тайинлашда қўшиб ҳисоблаш мумкинлиги учун жавобгарнинг қарори қонуний ва асосли ҳисобланмаганлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлимининг 2024 йил 16 июлдаги 35-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган ва жавобгарнинг зиммасига аризачининг 2005 йил 01 январдан 2018 йил 17 мартга қадар “С.А” МЧЖда ишлаган даврини унга пенсия тайинлашда қўшиб ҳисоблаш мажбурияти юклатилган. Сурхондарё вилоят маъмурий судларида 2024 йилнинг учинчи чораги давомида кўриб чиқилган 109 та аризалар ташкилотлар ва идоралар кесимида таҳлил қилинганида маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонунийлиги аниқланган 22 та, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман-шаҳар бўлимларининг 19 та, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси органларининг 7 та, кадастр агентлиги органларининг 6 та, Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари 1 та, жами 55 та ишлар бўйича қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Сурхондарё вилоят

маъмурий судининг судьяси

 Х.Хакимов