ОММАВИЙ ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАР СОҲАСИДА ҚОНУНИЙЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ.
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Жумладан, аризачи Б.Б. жавобгар туман ҳокимининг 2019 йил
26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Аниқланишича, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги
Қ-2552-сонли қарорига кўра, Х.Б.нинг 0,10 га ер участкасига унинг эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.
Туман давлат архивининг маълумотномасига кўра, Халқ депутатлари қишлоқ совети ижроия қўмитасининг тегишли қарорига кўра, 130 рақам Х.А.га 0,15 га ер участкаси ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрелдаги пф-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида” 461-сон Қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 1-бандига кўра, мазкур Низом турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилаши қайд этилган.
Бироқ, иш бўйича низоли ер участкаси муқаддам 1991-йил 28 февралдаги Халқ депутатлари қишлоқ советининг тегишли қарорига асосан фуқаро Х.А.га ажратилган бўлган.
Шу сабабли ушбу ер участкаси турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасига кирмайди.
Мазкур ҳолатда ишчи гуруҳ томонидан ушбу ер участкаси муқаддам Х.А.га ажратилганлиги аниқланиши ва умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиб бўлмаслиги ҳақида хулосага келиниши лозим эди.
Ушбу ҳолатда низоли ҳоким қарорининг қабул қилиниши, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини бузган ҳамда ушбу қарорнинг қабул қилиниши қонунчиликка зид бўлган.
Шунинг учун Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрелдаги Қ-2552-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, иш бўйича аризачи ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Яна бир мисол.
Хусусан, аризачи “EA” МЧЖнинг жавобгар Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасига нисбатан 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарорни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги қарорига кўра, МЧЖга нисбатан 417 333 459,32 сўм молиявий жарима қўлланилган ҳамда жамиятга нисбатан 4 397 303,28 сўм қўшилган қиймат солиғи, 145 146 431,39 сўм фойда солиғи ҳисобланган.
Ушбу камерал солиқ текшируви қайси давр учун ўтказилганлиги нега айнан шу қиймат олинганлиги баён қилинмаган.
Аризачи томонидан судга тақдим этилган жамият фаолиятида
2023 ноябрда ўтказилган камерал солиқ текширув натижаси юзасидан тузилган хулосага кўра, жамиятга нисбатан 494 678 831 сўм фойда солиғи ҳисобланган.
Аммо ушбу камерал солиқ текшируви натижаси Сайёр солиқ текширув натижасини кўриб чиқишда инобатга олинган ёки олинмаганлиги низоли қарордан англашилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 7-моддасида солиқ солиш принциплари қайд этилган бўлиб, солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.
Ушбу ҳолатда сайёр солиқ текшируви натижаси юзасидан қабул қилинган қарорда сайёр солиқ текшируви ва текширув натижасида расмийлаштирилган далолатномадаги ҳолатлар ҳуқуқий жиҳатдан ва солиқ солишнинг аниқлиги жиҳатидан баҳоланмаган.
Негаки, солиқ ҳисоблаш учун асос бўлган далолатномада ҳисоб-китобларда эҳтимоллар назариясидан фойдаланилган.
Бундай ҳолатда солиқ текшируви натижасини кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган қарорда текширув натижаларининг ҳар-бир ҳолати қонуний баҳоланиши, қўшимча солиқ ҳисобланадиган ҳолатлар қонуний асослантирилиши лозимлиги сабабли Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 6 августдаги ҳал қилув қарори билан ариза тўлиқ қаноатлантирилган, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 25 июндаги сайёр солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, Сурхондарё вилоят солиқ бошқармаси зиммасига мазкур сайёр солиқ текширув материалларини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган.
Сурхондарё вилоят
маъмурий судининг судьяси
Х.Хакимов