Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларнинг ўзаро ўхшаш ва фарқли жихатлари ҳақида.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар ҳамда низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 44 ва 45 моддаларида тушунтиришлар берилган.
Жумладан, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар ишга киришиши мумкин. Улар аризачининг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва унинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.
Шунингдек, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқлари ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, аризачи ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномаси билан ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан арз қилинган талабнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, талабдан воз кечиш, арз қилинган талабни тан олиш ёхуд келишув битими тузиш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқи мустасно.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсни ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақида ёки уни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.

Судья катта ёрдамчиси:  
С.Халматов